“Cоbalt” ютдингиз!” деган хабар фирибгарлик бўлиб чиқди
Интернетдаги алдов оқибатида қарийб 12 миллион сўмдан айрилган фуқаронинг мурожаати асосида жиноят фош этилди. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро интернет орқали амалга оширилган фирибгарлик оқибатида қарийб 12 миллион сўм маблағидан айрилди.
Маълум қилинишича, фуқаро Сафаралиев Самандар вилоят ИИБнинг «102» хизматига мурожаат қилиб, Telegram ижтимоий тармоғидаги «Акам бўласиз» номли фейк профиль орқали номаълум шахс уни алдаганини билдирган.
Унга «Кобальт» русумли автомашинани ютиб олгани, уни қўлга киритиш учун эса махсус билет сотиб олиши лозимлиги айтилган. Натижада фуқаро фирибгарнинг кўрсатмасига амал қилиб, «Абдурасулова Санамжон» номидаги банк пластик картасига 6 миллион 400 минг сўм, шунингдек, «Шокирова Нафиса» номидаги банк пластик картасига 5 миллион 531 минг 51 сўм пул маблағини ўтказган.
Оқибатда фуқарога жами 11 миллион 931 минг 51 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни 2002 йилда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида туғилган, муқаддам судланмаган Очилов Бахром содир этгани аниқланди.
Тергов ҳаракатлари давомида Очилов Бахром Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Айни вақтда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
КИБЕРЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ РАСМИЙ САҲИФАЛАРИГА ОБУНА БЎЛИНГ!
Интернетдаги фирибгарликларнинг усуллари тобора янгиланиб бормоқда. Шундай ҳолатлар қурбонига айланмаслик учун Кибержиноятларга қарши курашиш департаментининг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
Расмий саҳифалар орқали сиз киберфирибгарликларнинг янги усуллари, улардан ҳимояланиш йўллари ҳамда долзарб огоҳлантиришлар ҳақида тезкор ва ишончли маълумотларга эга бўласиз.
Instagram: https://instagram.com/cyberpolice_iiv
Facebook: https://facebook.com/cyberpolice.iiv
Telegram: https://t.me/cyberpolice_iiv
YouTube: https://youtube.com/@cyberpolice_iiv
Киберхавфсизликка бефарқ бўлманг — фақат расмий манбаларга ишонинг!
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА