Жамиятнинг ҳар бир бўғинида минглаб ўзгаришлар, муҳими, янгиланишлар кузатиляпти. Янги Ўзбекистонни бахтли инсонлар мамлакатига, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий маконга айлантириш ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир.
Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат аҳолисининг фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги таъминланмоқда. Бу халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилаётгани, шунингдек, камбағаллик билан боғлиқ масалаларни ҳал этилишида ўз аксини топмоқда.
Аҳолининг фаровонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 11 сентябрь куни видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Бу йўналишдаги масалаларни ҳал қилиш йўлида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 29 август куни Жамоат хавфсизлиги университетига ташрифи давомида берилган топшириқлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорлигида тасдиқланган “Жамоат хавфсизлиги университети томонидан Тошкент вилоятининг жамоат хавфсизлигига эҳтимолий хавф-хатарларни илмий ёндашув асосида ўрганиш, илмий диагноз қўйиш ва бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида Чирчиқ шаҳрида Жамоат хавфсизлиги университетининг профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчилари томонидан ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда.
Бунда Чирчиқ шаҳридаги жиноятчилик ҳолати, “жиноят ўчоқлари” бўлган ҳудуд ва объектлар, профилактика бўлимида ҳисобга олинган шахслар, вояга етмаганлар ҳамда аёллар жиноятчилиги, шаҳар ва тумандаги аҳоли гавжум бўладиган жамоат жойлари, хиёбон ва истироҳат боғлари, бозор ва савдо комплекслари ҳолати, хавфсизликни таъминлаш тизимини илмий жиҳатдан ўрганиш кўзда тутилган.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ шаҳридаги “қизил” ва жиноятчилик кўп бўлган “сариқ” тоифага олинган “Амир Темур”, “Истиқлол”, “Камалак”, “Ёшлик”, “Гулистон”, “Адолат”, “Маданият” маҳалласи еттилигининг барча аъзолари ва аҳолиси билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг кундалик маиший муаммолари, бандлик ва камбағаллик бўйича мурожаатлари ўрганилиб, бартараф этилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий, криминоген вазият жойларга чиққан ҳолда, аҳоли гавжум ҳудудларда ўрганилиб, турмуш доирасида жиноятлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитлар аниқланди. Натижада уларни ҳал этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, тавсиялар берилмоқда.
Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарияти ва профессор ўқитувчиларининг Чирчиқ шаҳрини ўрганиш, муаммоларни баратараф этиш бўйича ахборот-таҳлилий ҳужжатлари, таклиф ва тавсиялари юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлмоқда.
Эркин Шодмонов,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети профессори