Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасидаги ишларни амалга оширади.
Баъзида суд қарорларида уйдан кўчириш, ноқонуний турар-жойларни бузиш ва фарзандларни онаси ёки отасига олиб бериш ишлари осон кечмаслиги аниқ.
Лекин ноилож, МИБ амалда суд қарорларини муҳокама қилмасдан, унинг ижросини таъминлайди, бу эса, одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Ижтимоий тармоқларда “Уйимни видеога олиб, аёлимга босим ўтказган” – Депутат ўзи ва оиласи хавф остида эканлигини маълум қилди” номли хабарлар тарқалди.
Мазкур воқеа тафсилотлари бўйича ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро буюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов қуйидагиларни маълум қилди:
Ж.Тулягановга нисбатан мажбурий ижро бюросининг Чирчиқ шаҳар бўлимида 2 та ижро иши мавжуд.
Дастлабки ижро иши бўйича тўхталсак:
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 10.09.2020 йилдаги ижро варақасига асосан 2015 йилда туғилган Б.Бозорқуловни қарздор Ж.Туляганов ва Х.Тулягановаларнинг қарамоғидан Х.Рахматова ва Б.Рахматовнинг тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 15.10.2020 йилда келиб тушган.
Қонун талаблари бўйича ижро ҳужжати ҳақида Туляганов Жаҳонгир Шухратовичга МИБ портал дастурий таъминоти орқали СМС хабарнома юборилган ва телефон орқали бир неча маротаба огоҳлантирилган.
13.11.2020 йил давлат ижрочиси томонидан олиб берилиши лозим бўлган болани қидириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро қилиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ва Чирчиқ шаҳар ИИБга юборилган.
Жорий йилнинг 9 февраль куни ижро ҳужжатида кўрсатилган манзил, яъни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, Маданият кўчаси, 25-уй, 30-хонадонга борилганда олиб берилиши лозим бўлган 6 ёшли бола ушбу манзилда йўқлиги маълум бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 22.02.2021 йилги йўлланма хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 20 январдаги ажрими билан ижро ҳаракатлари тўхтатилган.
Кейинчалик, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 4 март кунги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 10.09.2020 йилги, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанциясининг 2020 йил 18 декабрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
5.04.2021 йил Туляганов Жахонгир Шухратович ва Туляганова Холида Асқар қизининг яшаш манзили, яъни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, П.Юсупов кўчаси, 1-уй, 84-хонадонга давлат ижрочилари ва холислар иштирокида чиқилган. Аммо қидирувдаги Б.Бозорқуловнинг уйда йўқлиги аниқланиб, ушбу жараён видео ёзуви қайд этилган. Хонадон соҳибаси эса, расмийлаштирилган далолатномага имзо чекишдан бош тортган.
Ижро ҳаракатлар даврида 6 апрель куни болани қидириб ундирувчилар томонидан маълум қилинган манзилга, яъни Тошкент шаҳар, Яшнобод туман, Оҳанграбо кўчаси, 14 А-уй, 14-хонадонга чиқилганда хонадон эшиклари қулфлиги, хонадонда ҳеч ким яшамаслиги аниқланди ва бу ҳақида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди.
Қидирув ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, иккинчи ижро бўйича қарздор Ж.Тулягановдан Чирчиқ шаҳар ИИББ ЙХХБнинг 06.11.2019 йилги қарорига асосан давлат фойдасига 111.500 сўм, 22.04.2020 йилги қарорига асосан 111.500 сўм, 24.04.2020 йилги қарорига асосан 111.500 сўм маъмурий жарима ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари юзасидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, белгиланган жарима тўлов суммаларини асоссиз равишда тўламасдан келмоқда.
Қарздор Ж.Туляганов Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати эканлигини важ қилиб, давлат ижрочисининг ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарори билан ва иш ҳужжатлари билан танишиб, танишганлиги юзасидан қўл қўйишдан бош тортган.
Ушбу ҳолат юзасидан Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгашига 04.11.2020 йил куни хат билан мурожаат қилинган.
Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясининг 21.11.2020 йилги хатига асосан Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг Регламент ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомнинг 71-моддаси талаблари тушунтирилганлиги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига юқоридаги жарималарни 3 кун муддатда тўлашлиги юзасидан огоҳлантирилганлиги маълум қилинган. Афсуски, бу қарздорлик шу кунгача тўланмаган.
Шуни алоҳида айтиб ўтмоқчимизки, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган асоссиз хабарлар, суд қарори ижросини таъминлаш учун тўсиқ бўлолмайди.
ЎзА