Бу эшитувлар...
А) Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас;
Б) Нафсиз, натижасиз;
В) Юзаки, расмиятчилик учун;
Г) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий негизга мос келмайди;
Д) Коррупцияген ҳолатларини келтириб чиқаради;
...Я) Бундай эшитувлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.
Энди ҳар бир сўзга эмас, ҳар бир ҳарфга жавоб излаймиз...
А) Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасида, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. 107-модда эса, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир дейилган.
Демак, сизда Нега Парламент (Олий вакиллик органи)га Олий суд ҳисобдор? Маҳаллий вакиллик органига жойлардаги судлар ахборот бермаслиги керак, деган саволлар бўлиши табиий.
Лекин қуйидагиларга ҳам эътибор қаратиш керак:
Суд ҳокимиятининг олий идораси - Олий суд, суд тизими – суд ҳокимияти номидан Парламент (олий вакиллик органи)га ҳисоб берар экан, Парламент фаолиятини тартибга солувчи коституциявий қонунлар (Конституциявий қонунлар, менимча бармоқ билан санарли эканлигини барчамиз биламиз, шунинг учун ҳам уларнинг юридик кучи оддий қонунларникидан кўп-да)да Парламент, депутатлар сўровлари, эшитув саволлари судларнинг муайян ишларига қаратлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган;
-Ва содда қилиб айтганда Парламент депутатлари профессионал қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланади, бошқа жойда ишламайди... тадбиркорлик қилмайди. Улар судларнинг умумий фаолиятини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда судлар ўрни ва ролини оширишга хизмат қилувчи норма ижодкорлигини қилади, қонунлар яратади, шу мақсадда Парламентнинг умумий назоратини ҳам ўрнатади.
-Маҳаллий ваккиллик органлари аъзолари эса, бошқа фаолият билан шуғулланади... тадбиркорлик қилади...
-Қолаверса маҳаллий вакиллик органи бошлиғи ҳам ҳозирча ҳокимдир. Шунинг учун ҳам жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбари бошчилик қилаётган вакиллик органига судларнинг ахборот бериши, Конституциядаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти – ҳокимият бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши дейиладиган, Шарль Луи де Секонда, барон де Ла-Бред и де Монтескье ғоялари асосида умумэътироф этилган тамойилларга шиксат етказиши мумкин.
Б) Нега самара ва натижасиз?
Жавоб: Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўзида суд раисларининг 900 та ахбороти эшитилган. Менимча бугунга қадар бу кўрсаткич, 3000 дан ошди.
Энди очиқчасига айтингчи мазкур эшитувлардан Сиз бирор самарани сездингизми?
Мен бу саволни мақолани ўқиётган юртдошларимизга бераётганим йўқ. Бу савол айнан маҳаллий вакиллик органи аъзоларига берилмоқда. Ҳа, дея олмайсиз. Чунки, мен судья сифатида Сиз каби буни самараси бор деб ўйламайман. Одамлар ҳам катта эҳтимол билан шу фикрда. Баъзилари, бу борада Парламент эшитувини ҳам самарасини сезганимиз йўқку дейишаётгандир балки, лекин унчаликмас, Парламент эшитувини самараси бор албатта. Буни қабул қилинаётган қонунларда кўриш мумкин.
Натижа бермаётганлигини, самарасизлигини сабабларидан асосийси эса, аввало эшитувнинг якуни, натижаси ҳақида қандай чора-тадбир белгиланиши, нима ҳужжат қабул қилинишини қонунда белгиланмаганлигидадир. Бу норма белгиланса мободо... лекин белгилаб бўлмайди, сабабки унда бу ахборот эшитиш эмас, ҳисобот сўраш бўлиб қолади ва бу ўз-ўзидан мақсадга мувофиқ эмас...
Бир оз ҳазил бўлсада, шунинг учун ҳам мен “ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, қолаверса, суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди”, деб айнан “халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиёти”ни ҳеч бир мушоҳада қилмай гапираётган нотиқларни эшитсам, телевизорни бошқа каналга оламан. Тўғрида уларнинг гапи ҳам балки тўғридир...
В). Нега юзаки, расмиятчилик учун?
Жавоб: “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34, 38-моддаларида суди раиси - суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади деб белгилаб қўйилган.
Энди шу нормаларни ҳар ҳудудда ҳар хил тушуниш асосида татбиқ этаётган маҳаллий вакиллик органлари ҳоким бошчилигида, ҳар чорак режа-дастур қилиб, суд раисини эшитади, берадиган саволларнинг эса, 90 фоизи судларнинг муайян ишларига боғлиқ, бундай саволларга суд раҳбарлари ҳам “тўғри, ўринли савол”, бу масалада Сизга алоҳида маълумот тақдим этамиз” дейишдан бошқа иложи йўқ.
Чунки, кўпчилик ХДК аъзоларига нима фарқи бор ахборотми, ҳисоботми ҳаммаси ҳам бир, барибир ўзи хоҳлаган саволни беради. Саволлар судларнинг муайян ишларига оид бўлмасин, йилига камида бир марта, “ҳар чорак” ва Юқори палатага ҳисобот бериш учун хоҳлаган пайт судларни эшитиш мақсадга мувофиқ эмаслиги..., эй буям бир гап бўлар...
Эшитувларнинг юзаки, расмиятчилик учун эканлигининг яна бир сабаби шуки, судлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар (ҳар бир туман кесимида, иш ва низоларнинг таркиби, статистикаси) Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Суд раислари ҳам эшитувларда аксарият ҳолатда шу маълумотларни берадида, ё уларнинг ахбороти бошқачами?
Кейинги сабаб эса, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34 ва 38-моддасида суд раислари - бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради деб белгиланган. Демак, аҳоли ҳар ой оладиган ахборотни ХДК аъзолари кейинроқ эшитув жараёнида олса, мантиқ қаерда бу ерда дейманда.
Г). Нега суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий асосларига мос келмайди?
Жавоб: Умуман олганда суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга одамларни ишонтириш аввало судларнинг чинакам мустақиллигига аҳолини ишонтириш билан бошланади. ХДК раислари ким? Ҳокимлар. Ҳокимлар ким? Улар ижроия ҳокимиятининг жойлардаги раҳбарлари. Улар ҳам судларга мурожаат-даъво қиладиларми? Ҳа. М: снос масаласида ва бошқа масалаларда. Бу мурожаатларни ким кўриб чиқади? Судьяларми? Суд раиси ҳам судьями? Ҳа. Мана бу Сизнинг маҳаллий вакиллик органларини Парламент депутатлари, улар фаолиятига солиштирганлигингизга жавоб - Парламент аъзолари судга даъво ариза кирита олмайдилар. Шунинг учун уларнинг бевосита судлар фаолиятига аралашуви йўқ...
ХДК аъзолари – маҳаллий депутатлар ким? Улар бир пайтнинг ўзида тадбиркор, корхона-ташкилот раҳбарлари, шифокор, мураббий, қурувчи ва ҳоказолар. Улар судларга даъво аризалар, аризалар бера оладиларми? Ҳа. Улар берган даъво аризаларни ким кўради? Судьялар. Суд раислари ҳам судьяларми? Ҳа. Бу қайси қонунда ёзилган? “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида. Яшанг! Мана гап қаерда...
Д). Нега коррупцияген ҳолатларини келтириб чиқаради?
Жавоб: мисол учун, Сиз маҳаллий Кенгаш депутатисиз, сизни таниш билишингиз, “балки ўзингиз”, қариндошингиз ёки кўпинча сайловчингиз Сизга мурожаат қилдики, “Депутат ака(опа), “сайловларда кўп ваъда бердингиз, ҳар бир мурожаатларингизга имкон қадар ёрдам бераман дедингиз, мана мени ишим, (ўғлимни, қизимни... ва ҳак) иши судда бир ёрдам қилинг”.
Сиз нима қиласиз, судьяни қабулига муайян иш билан бора олмайсиз. Мумкин эмас, энди ўша “эшитув”да ҳеч бўлмаганда шу масалани бир кўтариб кўрасиз-да, “Аввало узр сўрайман, ўзимни муаммом эмас сайловчиларники... Ҳурматли суд раиси шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз?” Саволни қаранг шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз. Раислар ҳам нима дейди. “А энди бу муайян иш бўйича экан мен ёзиб олдим, қонун асосида кўриб чиқилади, сизга қўшимча ахборот берилади”...
Табиийки, Сиз бу жавобдан қониқмайсиз. Чунки, Сизни бу жавобингиздан сайловчи қониқмайди... Сиз эса, сайловчига амалий ёрдам беришни сўрайсиз, суд раиси қонундан чиқишни истамайди. Сиз, буни сайловчига тушунтира олмайсиз, ана шундан бошланади... денг манфаатлар тўқнашинуви деган энг чатоқ коррупцияген ҳолатлар. Кейин суд раиси депутатлар олдида ахборот беришда сер мулозамат бўла бошлайди, акси бўлса, депутатлар кераксиз савол беради, ахборотингиздан қониқмадик дейди... ва бошқа нозик, сезилар-сезилмас амалиёт шакллана боради.
Бундай жараёнлар, расмиятчиликда яширинган бюракратия, ваколат ва мартабадан фойдаланиш, гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашинуви деган салбий иборалардан фойдаланишимизга асос яратиб бораверади... Бу эса, аҳоли ишончига акс таъсир этади. Буниси эса, ортиқча...
...Я) Нега Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг суд раислари ахборотини эшитувларидан воз кечиш мақсадга мувофиқ?
Жавобни: қисқача қилиб, А), Б), В), Г), Д) да кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилдим.
Фақат бир қўшимча мулоҳазамки, мавлоно Ж.Румий ҳазратлари таъкидларидек, “Сўз (гап) кўпайиб боргани сайин, сўздан маъно чекинади, мақсад узоқлашиб боради”. Бундан хулосани, фикрни ўзингиз, ўз қаришингиз асосида қилаверинг?
Муддао эса, самарасиз ва жамиятга нафи “0”га тенг, зиёни сезилар-сезилмас ортиб бораверадиган, худди кераксиз ҳамда натижа бермайдиган ортиқча тадбир, йиғилиш каби бир расмиятчилик бўлган бу – эшитувдан воз кечиш ҳайрлироқлиги ҳақида фикр билдириш эди холос!
Нуриддин Муродов,
ФИБ Тошкент шаҳар
Учтепа туманлараро суди судьяси