Абитуриентлар учун ҳаяжонли дамлар бошланди. 2025/2026 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари муддатлари белгиланди. Талабаликни орзу қилган ёшлар сўнгги тайёргарликни кўрмоқда.
Айрим абитуриентлар учун эса синовлар бошланиб улгурди. Жумладан, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон, ҳам тест синовлари ўтказилиши кўзда тутилган қатор таълим йўналишлари бўйича Чирчиқ давлат педагогика университетига кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентларга касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.

Абитуриентлар учун қатор қулайликлар, жумладан, касбий (ижодий) имтиҳон дастури, зарур тавсиялар ва имтиҳон натижалари ҳақида маълумотлар олиши учун махсус веб-саҳифа ишга туширилган.

Имтиҳонлар ўтказилишидан 3 кун олдин абитуриентлар рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатган телефон рақамига хабар юборилиб, уларга имтиҳон ўтказилиш санаси, жойи ва вақти, абитуриент имтиҳон топширадиган гуруҳ рақами маълум қилинган.

Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан жиҳозланди. Ота-оналар учун фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини онлайн кузатиш имконияти яратилган.

Чирчиқ давлат педагогика университети Жисмоний маданият йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар орасида жаҳон чемпионлари ҳам бор.
Г.Бобоева,
ЎзА