Андижон давлат университетида ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда
Бугундан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича ижодий имтиҳонлар ҳам бошланди.
Бугундан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича ижодий имтиҳонлар ҳам бошланди.
Андижон давлат университетида мавжуд 10 та алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича 8 минг нафардан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтган. Имтиҳонлар икки сменада ташкил этилиши белгиланган. Бугун олтита таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда.
Имтиҳонлар жараёнида абитуриентларнинг хавфсизлиги ва соғлигини асраш, коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга қатъий амал қилинмоқда. Абитуриентлар университет ҳудудига кириш учун дезинфеция тунелларидан ўтмоқда, уларнинг иссиғи ўлчаниб, антисептик воситалар қўлланилмоқда. Имтиҳон ўтказилаётган хона ва ҳудудларда масъуллар томонидан масофанинг сақланиши доимий назорат қилинмоқда.
– Имтиҳонларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида имтиҳон олувчи мутахассислар юртимизнинг бошқа олий таълим муассасаларидан жалб этилди, – дейди Андижон давлат университети ректори Акромжон Юлдашев. – Жумладан, мусиқа таълими, чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик йўналишларида Ўзбекистон давлат консерваторияси, ТСМГ ва рангтасвир йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти мутахассислари, жисмоний маданият, футбол ва бокс йўналишларида эса таниқли мураббийлар, жаҳон ва Осиё чемпионлари имтиҳон олмоқда.
– Спорт фаолияти: бокс йўналиши бўйича ижодий имтиҳонни топширдим, – дейди абитуриент Шоҳрухбек Кенжаев. – Имтиҳонни бокс бўйича жаҳон чемпиони Ўткирбек Ҳайдаров раислигидаги соҳанинг кучли мутахассисларига топширишни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Улар олдида имтиҳон топшириш бироз ҳаяжонли бўлди. Лекин юқори баллар олиш учун астойдил ҳаракат қилдим. Имтиҳонлар адолатли, юқори савияда ўтказилмоқда. Энг муносиб ва иқтидорли абитуриентлар талабаликка қабул қилинишига асло шубҳам йўқ.
Тиббиёт ходимлари ҳар бир абитуриентнинг, айниқса, спорт йўналишлари бўйича имтиҳон топшираётганларнинг соғлигини алоҳида назорат қилмоқда. Гигиена талабларига риоя қилган ҳолда сув ва бошқа салқин ичимликлар берилиши ташкил қилинган.
Университетда имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш имконини берувчи махсус http://camera.adu.uz/ платформаси ишга туширилганлиги имтиҳонларнинг янада шаффоф ўтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, имтиҳонлар ўтаётган 6 та ҳудудга 20 та кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари уйдан туриб имтиҳонларни кузатиб бориш имконига эга.
Имтиҳонлар жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия, Ички ишлар органлари ходимлари жалб этилган.


