Чим устида хоккей: “Президент олимпиадаси” финалчилари маълум
Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” тизимидаги “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг республика финал босқичлари жойларда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Хусусан, пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да чим устида хоккей бўйича қизлар жамоалари ўртасида ўтказилган республика саралаш мусобақалари ҳар қачонгидан қизиқарли кечди.

Мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий терма жамоалари иштирок этган саралаш босқичида жамоалар 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Муваффақиятга эришиш йўлидаги кескин ва муросасиз баҳслар натижасига кўра, ҳар бир гуруҳдан энг омадли жамоалар финал йўлланмасига эга чиқди.

Охирги кунги ўйинлар натижасида ўз гуруҳларида Тошкент вилояти жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси жамоасини 13:0 ҳисобида енгиб, финал чиптасига эга чиққан бўлса, Хоразм Андижон жамоасини 8:0 ҳисобида, фарғоналиклар Наманган жамоасини 3:0 ҳисобида ҳамда Бухоро вилояти жамоаси сирдарёлик хоккейчиларни 2:1 ҳисобида доғда қолдириб, “Президент олимпиадаси” финалида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Т.Рўзиев,
ЎзА