Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб боришмоқда. Депутат Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги бир қатор маҳаллалар ҳамда ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди.
Депутат дастлаб Чилонзор туманидаги 270-мактабда олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари билан танишди. Маълум қилинганидек, мактаб 10 ноябрда эксплуатацияга бутунлай тайёр бўлиши керак. Пудратчи ташкилот қурилиш материаллари вақтида етказиб берилмагани сабабли таъмирлаш ишлари кечикаётганини айтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси”нинг мутасаддилари зарур материалларни ўз вақтида етказиб беришлари юзасидан келишиб олинди.

Шундан сўнг Бешқўрғон маҳалласида барпо этилаётган янги мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш ишлари ҳам ўрганилди. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, том қисмини ва иситиш тизимини битириш ишлари олиб борилмоқда. Болалар майдончасида тарбияланувчилар учун хавфсиз муҳит яратиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.
Тирсакобод маҳалласидаги ўрганишларда фуқаролар билан мулоқот қилинди. 67 ёшли Мавлуда Расулова уй-жой ажратиш масаласида депутатга мурожаат қилди. Депутат мазкур масала бўйича қонун доирасида ечим топиш зарурлигини таъкидлади.

Халқ вакили Яккасарой туманидаги ўрганишлари давомида Абдулла Қаҳҳор маҳалласига ташриф буюриб, фуқаролар билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида ҳудудда кўплаб уй-жой қурилишлари олиб борилаётгани сабабли аҳоли қурилиш шовқинларидан азият чекаётгани аниқланди.

Шунингдек, депутат мазкур ҳудудда фаолият юритаётган Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг фаолияти ва у ердаги шарт-шароитлар билан танишди. Ушбу объект бугунги кунда ногиронлиги бўлган болаларнинг саломатлигини яхшилаш ва ҳаётга мослашувчанлик қобилиятини фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Депутатнинг 155-сон мактабгача таълим ташкилотига ташрифи давомида ушбу муассаса таъмирталаб экани аниқланди. Ойдин Абдуллаева ушбу масалани туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритиш кераклиги юзасидан вазифаларни белгилаб олди. Шунингдек, маҳалла идорасида оталар чойхонасини барпо этиш учун керак бўладиган молиявий маблағни жалб этиш юзасидан ҳам вазифаларни ўз режасига киритди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА