Кўп қаватли уйлардаги шароит ва хизматлар сифати депутатлар назоратида
“Адолат” СДП Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ “Маликработ Сифат БК Сервис” МЧЖ фаолияти ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал ва бошқарув хизматлари сифатини депутатлик назорати тартибида ўрганди.
Бугунги кунда “Сардоба” МФЙ ҳудудида бошқарув компанияси тасарруфида 93 та кўп қаватли уй ва 1058 та хонадон мавжуд. Компанияда жами 11 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Ўрганишлар давомида аҳоли билан бошқарув компанияси ўртасида шартномалар қисман расмийлаштирилганлиги маълум бўлди. Қарздорлик сабабли хонадонларни электр, газ ёки ичимлик суви тармоқларидан узиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги, кечиктирилган тўловлар учун фуқароларга жарима қўлланилмаслиги қайд этилди. Шу билан бирга, ҳар бир кўп хонадонли уй учун алоҳида банк ҳисоб рақами юритилмаслиги, маблағлар БСКнинг умумий ҳисоб рақамига тушиши аниқланди. Бу масала аҳоли маблағларининг шаффофлиги ва уларнинг мақсадли сарфланиши нуқтаи назаридан алоҳида эътибор талаб қилади.

Компания томонидан 24/7 режимида диспетчерлик ва авария хизмати ташкил этилган. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари ва атрофи тозалиги ҳамда ёритилишига эътибор қаратилган.
Ҳудудда 14 та болалар ўйингоҳи мавжуд бўлиб, шундан 5 таси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш йўлга қўйилган, кўча чироқлари ҳам соз ҳолатда.
– Бироқ муаммоли масалалар ҳам мавжуд, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Мансуржон Ҳамидов. – Айниқса, аксарият кўп қаватли уйларнинг фасадлари ҳолати талаб даражасида эмас. “Сардоба” МФЙ, Баҳор кўчасидаги 6 ва 18-уйларнинг том қисмларини тўлиқ таъмирлаш зарур. Бунинг учун ҳар бир уйга 35 миллион сўмдан маблағ талаб этилади. Шунингдек, Бухоро кўчаси, 13-уй атрофида сув таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. Оқова сув тизими мавжуд эмаслиги оқибатида экилган кўплаб мевали ва манзарали дарахтлар қуриб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, мазкур ҳудуддаги ичимлик сувининг сифати ҳам талабга жавоб бермайди, сувдан нохуш ҳид келиши айтилмоқда.

Айни пайтда “Адолат” СДП вакиллари депутатлик назорати доирасида аниқланган муаммоларни масъул ташкилотлар иштирокида ҳал этиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини таъминлаш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифати ва шаффофлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири