Ўзбекистон ва Чехия ўртасида рақамли ва технологик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Чехия Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали йўналишларга эга стратегик алоқалар ривожланиб бормоқда. Айниқса, бу жараёнда савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим ўтин тутади.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, профессор Дилдора Каримова икки мамлакат ҳамкорлиги ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
–Ўзбекистон ва Чехия ўртасида мустаҳкам ишбилармонлик, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий алоқалар мавжуд бўлиб, бу муносабатлар 2024-2026 йилларда сезиларли даражада фаоллашди. 2025 йилнинг март ойида Прага шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлиси бўлиб ўтди ва бу ўзаро ҳамкорликнинг янада тизимли форматига ўтишни тасдиқлади.
Томонлар янги қўшма лойиҳалар, қўшма корхоналарни ишга тушириш, узоқ муддатли молиялаштириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Транспорт, фармацевтика, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, чарм саноати, туризм, таълим каби соҳалардаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Чехиянинг транспорт воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисосолашган етакчи машинасозлик конгломерати – “Škoda Transportation” (Škoda Group), машҳур фармацевтика компанияси бўлган “Doctor Müller Pharma”, ҳавони тозалаш, вентиляция тизимлари, саноат инжиниринги йўналишларида лойиҳалаш ва ускуналарни етказиб беришга ихтисослашган “ZVVZ Engineering” муҳандислик компанияси Чехия саноати ва бизнесининг халқаро, жумладан, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик жараёнида фаол иштирок этаётган йирик вакилларидир.
Чехия нуқтаи назаридан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг катта бозорлардан бири ҳисобланади. Чехиянинг Ўзбекистонга оид расмий бизнес- профили уни Чехия Республикаси учун Марказий Осиёдаги муҳим савдо шериги сифатида аниқ белгилайди ва сўнгги йилларда Чехия экспорти сезиларли даражада ошганини қайд этади. Чехия томонидан юртимизга киритилаётган инвестицияларнинг босқичма-босқич ортиб бориши Чехия Республикасини Европанинг Ўзбекистон бозоридаги муҳим инвесторига айлантиради.
Машинасозлик, геология ва тоғ-кон саноати, кимё ва фармацевтика, энергетика ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидир. Бунда асосий эътибор ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологияларни жорий этиш, кадрлар малакаси ва энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар билан боғлиқ лойиҳаларга қаратилмоқда. Узоқ муддатли молиялаштириш, қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш, корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма корхоналарни ишга тушириш лойиҳаларни амалга ошириш шакллари ҳисобланади. Айни пайтда мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида ташкил этилган 44 та корхона фаолият юритмоқда.
2025-2026 йилларда Ўзбекистон ва Чехия ўртасида рақамли ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафақат умумий режаларда, балки бир қанча амалий йўналишларда ҳам намоён бўлмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги рақамли ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки томонлама муносабатларнинг янги босқичига ўтиш сифатида тавсифланиши мумкин. Бунда савдо билан бир қаторда стартаплар, АТ-аутсорсинг, инновациялар, техник тартибга солиш ва технологияга йўналтирилган инвестицияларнинг роли ортиб бормоқда. Бу рақамли иқтисодиёт, саноат ва юқори технологиялар соҳасида қўшма лойиҳаларни янада ривожлантириш учун замин яратади.
Стартап ва инновациялар соҳасида ҳамкорликнинг ривожланиши икки томонлама алоқаларнинг анъанавий савдодан қўшма инновацион экотизимга қадар кенгайганини кўрсатади. Ўзбекистонда Чехиянинг бир қатор аутсорсинг ва АТ-компаниялари офисларининг очилиши Глобал бизнес хизматлари (GBS), ахборот технологиялари хизматлари ва масофавий хизматлар кўринишида кўпроқ қўлланиладиган рақамли ҳамкорликка ўтилаётганидан далолат беради.
Технологик ҳамкорлик стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш орқали ҳам мустаҳкамланмоқда. Стандартлар, синовлар ва бозор назорати масалалари биргаликда ҳал қилинади. Бу эса ҳамкорликдаги ишлаб чиқариш, технологик янгиланиш ва маҳсулотларни бозорларга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳамкорлик саноат кооперацияси ва замонавий технологияларни жорий этиш учун институционал асос яратади. Саноат инвестициялари ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш бўйича янги келишувлар алоҳида алоқалардан технологик шерикликнинг янада тизимли шаклига ўтишдан далолат беради.
Маданий алоқалар ҳозир йирик давлатлараро маданий шартномалар орқали эмас, балки элчихоналар, турли фестиваллар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик орқали кўпроқ ривожланмоқда.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон учун Чехия технология, транспорт, фармацевтика, стандартлаштириш, туризм ва саноат лойиҳалари бўйича Европадаги муҳим ҳамкор. Чехия Республикаси учун Ўзбекистон ўсиб бораётган сармоявий салоҳият ва минтақага кириш учун қулай платформага эга жадал ривожланаётган Марказий Осиё бозоридир. Томонларнинг расмий баёнотларига кўра, ҳамкорликнинг яқин истиқболида асосий эътибор савдо-сотиқни ривожлантириш, делегациялар алмашиш, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, сармоя киритишни кенгайтириш ва бошқа тадбирларга қаратилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.