Остонада давом этаётган қитъа чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси М.Ўролова мусобақанинг энг ёш иштирокчиси бўлди.
Хўш, энг ёш спортчи қандай натижага эришди?

Бугун, 6 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида давом этаётган қитъа чемпионатининг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси медаллар учун курашга киришади.
Кеча чемпионат доирасида ўтган Осиё оғир атлетика федерацияси (AWF) ижроия қўмитаси йиғилишида техник, мураббийлик ва тиббиёт қўмиталарининг ҳисоботлари тингланди. Муҳокамалар давомида 2026 йили Японияда бўладиган ёзги Осиё ўйинлари, Ўзбекистонда ўтиши белгиланган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ижроия қўмитаси аъзоси Ш.Маҳмудов AWF делегатлари, кўплаб мамлакатларнинг делегация раҳбарлари олдида чиқиш қилиб, Остонада давом этаётган чемпионат IWF томонидан жорий этилган янги вазн тоифалари асосида ташкил этилаётганлиги “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинлари даврининг бошланганлигидан далолат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда оғир атлетика спорт турининг ривожи борасида қилинаётган ишлар, Олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон, Олимпия чўққилари” ўйинлари йўлга қўйилгани хусусида йиғилганларга сўзлаб берди.

Қитъа чемпионатининг кечаги кун дастуридан ўрин олган ўсмирлар ўртасидаги 53 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда Ватанимиз шарафини Муштарй Уралова ҳимоя қилди.
Хитой, Япония, Қозоғистон, Ҳиндистон каби 20 га яқин мамлакатларнинг спортчилари билан совринли ўринлар учун кураш олиб борган М.Ўролова иштирокчилар орасида энг ёш бўлишига қарамасдан 152 кг. тошни бўйсундирган ҳолда 5-ўринни эгаллади.
Ушбу вазн тоифасида совринли ўринлар Вьетнам, Филиппин, Туркманистон оғир атлетикачиларига насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, 10 июлга қадар давом этадиган қитъа чемпионатида Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасининг 28 нафар аъзоси 16 та вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА