“Чемпион” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Чемпион” бадиий фильмининг илк намойиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Солиҳов, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, соҳа вакиллари, фильм ижодий жамоаси ҳамда кино ихлосмандлари иштирок этди.

Спортнинг бирлаштирувчи кучи, ирода, матонат ва мақсад сари интилиш ғояларини ўзида мужассам этган мазкур фильм ёш авлод, хусусан, болалар орасида футболга қизиқишни ошириш, уларда миллий ғурур ва ғалабага интилиш туйғуларини шакллантиришга қаратилган. “Бир тўп, бир жамоа, якунда эса — ғалаба!” шиори остида яратилган фильмда спорт орқали дўстлик, жамоавийлик, сабот ва ўз орзулари сари интилиш каби қадриятлар ёритилган.

Фильм “Uzakov produktion” студияси томонидан режиссёр Алишер Узоқов раҳбарлигида суратга олинган. Асарнинг суратга олиш жараёнлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ва “Олимпия шаҳарчаси”да олиб борилган бўлиб, унда 30 га яқин ёш болалар иштирок этган. Тадбир давомида фильм ижодкорлари ва иштирокчиларига лойиҳанинг яратилиш жараёни, ғоявий мақсади ва ижодий ечимлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, фильм учун махсус яратилган “Чемпион” ва “Курашамиз” тароналари ҳам лойиҳанинг муҳим қисмларидан бўлди. Қайд этиш жоизки, “Чемпион” фильми АҚШнинг Филадельфия ва Орландо шаҳарларида ҳам намойиш этилган бўлиб, хорижда яшаётган ўзбек ёшлари ва болаларида миллий руҳ, она тили ва Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Премьера якунида фильм ижодий жамоасига самимий тилаклар билдирилиб, лойиҳанинг ёш авлод маънавий-эстетик тарбиясидаги аҳамияти таъкидланди.
Н.Усмонова,
ЎзА