“Пахта” бадиий фильмининг тантанали премьераси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмаси асосида яратилган “Пахта” бадиий фильми кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Фильм премьерасида Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, кино ижодкорлари, соҳа мутахассислари, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Премьера дастури мазмунан бой тарзда ташкил этилиб, меҳмонларга нафақат фильм намойиши, балки Ўзбекистон Кино санъати музейи фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти ҳам яратилди.
Фильм Рашид Маликов режиссёрлигида суратга олинган бўлиб, бош ролни Хуршида Арабшоева маҳорат билан ижро этган.

Драма жанрига мансуб мазкур картина ҳаёт синовлари, мураккаб тақдир ва инсоний ирода ҳақида чуқур ва таъсирчан ҳикояни ёритади. Бахтсизлик домида ҳам инсоф, диёнат, орият, аёллик иффатини устувор билган фильм қаҳрамони бошига тушган оғир кунларни Яратганнинг синови тарзида қабул қилиб, алалоқибат бахтга эришади.

“Пахта” — мазмун ва бадиий ифода уйғунлиги билан ажралиб турадиган, томошабин қалбида узоқ вақт акс садо бериши кутилаётган муҳим кино лойиҳалардан бири. У аёллик қисматининг оғир синовлари, бахтнинг шарафли манзили ҳақида ҳикоя қилиши билан томошабинларда катта таассурот уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА