Буюкликнинг машаққатли йўли
Ўлмас мероси
Ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири Одил Ёқубов таваллудига 100 йил тўлди. Кенг китобхонлар оммаси қалбини забт этган ёзувчининг ҳаёт йўли, умр дафтарини варақлар эканман, беихтиёр адибнинг ижод йўлига доир хотиралар жонлана бошлайди.
Алишер Навоий, Муҳаммад Шайбонийхон, Бобур сингари мутафаккирларни, Абдулла Қодирий, Ойбек, Шукур Холмирзаевдек улуғ ёзувчиларни ҳамда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи каби буюк шоирларни етиштирган ўзбек адабиёти ХХ асрда ҳам яна бир қатор машҳур адибларни ўз бағрига олди. Улар орасида энг таниқлиларидан бири Одил Ёқубов эди. Улуғ ижодкор ниҳоятда самимий, кўнгли очиқ, ҳақиқатчи ва, асосийси, жуда истеъдодли эди.
Одил Ёқубов хусусида сўз кетганда, бундан ўттиз йилча аввал “Шарқ” нашриётида 20 минг нусхада чоп этилган “Муҳаббатнинг олови” китобимга ёзилган сўзбоши ёдимга тушди. Худди бугунгидай эсимда. Ўшанда нашриёт бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, истеъдодли ёзувчи Собир Ўнар, тўпламга масъул муҳаррир Лазиз Тангриев билан баҳслашиб ўтирган эдик.
– Одил Ёқубов мени яхши танимайди, сўзбоши шарт эмас, – дедим уларга.
Аммо қадрдонимиз Собир Ўнар қатъий оёқ тираб туриб олди: – Йўқ, камтарликни йиғиштиринг. Одил ака билан Ғафур Ғулом номли нашриётда ишлаб юрган пайтларида гурунглашган экансиз. Ўша нашриётда 1987 йилда нашр этилган “Ички дард туғёни” китобингизни мақтаганини айтган эди. Машҳур адабиётшунос Иброҳим Ғафуров сизга уюшма аъзолигига ўтиш учун рус тилида тавсиянома ҳам ёзиб берганини гапирганди.
Одил Ёқубовнинг сўзбошисини ўқий бошладим. Мени қўллаб-қувватлаш билангина кифояланмай, озроқ тузлаган, танқид қилган ҳам экан.
“Сурхондарёлик адиб, журналист ва мунаққид Жовли Хушбоқовнинг асарларини кўпдан буён матбуот орқали кузатиб келаман. “Юракдан чиққан сўз” номли адабий-танқидий мақолалар тўпламини ҳам кўрганман. Бинойидай ёзади. Мана, унинг янги “Муҳаббатнинг олови” тўплами ҳам нашрга тайёр бўлибди. Мен мана шу адабий ва ижтимоий мавзуларда битилган қатор мақолаларни бир бошдан кузата туриб, қаламкаш укамизнинг “балодек” синчков, зеҳни баланд эканига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Гап шундаки, Жовлибек ёш адибларимиз хусусида ёхуд миришкорлару севги қисматида олов бўлиб ёнаётган ёш юраклар тўғрисида ёзадими, бошқалар хусусидами, ҳаётга ёзувчининг кўзи билан қарайди. Аввало, билган нарсасини ёзади, мушоҳадага бой. Энг муҳими, ёруғ кунга ишонтира билади. Бу, албатта, ёзувчининг таҳсинга лойиқ жиҳатлари. Мақолаларга назар ташлаш асносида кўнглимда тағин бир мулоҳаза пайдо бўлди. Бу киши асл маънода адабиётчими, журналистми, ёзувчими? Мундай қараганингда, Хайриддин Султондек ажойиб ёзувчимизнинг асарларини жиддий таҳлил қила бошлайди-ю, сал ўтмай суд можаролари хроникаси битилган мақолаларини ўқий бошлайсиз. Кейингисида эса қўйчивон ҳақида мароқ билан ҳикоя қила кетади... Ёзувчи маълум бир йўналишни маҳкам ушлаб олсин, демоқчи эмасману, ҳар нечук китоб учун мақолалар жамланганда, бир хил йўналишдагиларини танлагани маъқул. Бу мулоҳазалардан қатъи назар, мен Жовли Хушбоқовни машаққатлар, кузатув, тажриба ва истеъдоди самараси ўлароқ ушбу тўплам билан қутлагим келди. Одил Ёқубов, 1995 йил”.

Одил акага нисбатан ҳайратим ошди. Айрим адабиётшунослар, адиблар ижодкорларнинг китобларига сўзбоши ёзганида уни осмону фалакка чиқариб юборар, замонамизнинг энг истеъдодли шоири ёки ёзувчиси деб мадҳ этар эди. Одил аканинг эса мендан нордон сўзларини аямаганидан хафа бўлиш ўрнига, бирданига севиниб кетдим.
Одил Ёқубов бағрикенг инсон эди. У ҳамкасбларига ҳам яхшилик қилишни инсонийлик бурчи деб биларди. Мана, узоқ йиллар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида самарали ишлаган журналист Гулчеҳра Умарованинг сўзлари фикримизга яққол мисол бўла олади:
“Одил аканинг ўзи айтганидек, “Хотин жафосиз бўлмас, китоб – хатосиз”. Газета саҳифаларида ҳам ҳар қанча синчковлик ва эҳтиёткорлик қилмайлик, хатолар ўтиб кетарди. Навбатдаги сон муҳокамасида маълум бўлишича, биринчи саҳифадаги мақолада йирик партия арбобининг фамилиясидан бир ҳарф тушиб қолибди. Ҳаммамиз зудлик билан бош муҳаррир хонасига йиғилдик. Хона жимжит. Барча саҳифанинг бир нуқтасига қараб турибди. Бирдан ҳукумат телефонидан қўнғироқ бўлди. Одил ака вазминлик билан гўшакни кўтарди. “Ҳа, мен – Одил Ёқубов”, деди хотиржамлик билан. Нариги томондан асабий товушлар эшитила бошлади. Сўзловчини эшитиб турган раҳбаримиз эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб: “Мен жавоб бераман!” деб гапни кесди. Трубкани жаҳл аралаш жойига қўйди. У томоннинг айтадиган гапи ичида қолди. Устоз кимнинг саҳифаси эди, навбатчи ким, деб ўтирмай, Марказқўмга кетди. Гарчи “ошкоралик даври” деб аталса ҳам, ҳамон қаттол тузумнинг қиличи қонсираб турарди. Бош муҳаррир бу вазиятда тартиб бўйича айбдорни топиб, унга тегишли чора кўриб, баённомасини юборса ҳам, ҳеч ким эътироз билдира олмасди. Аммо бир ҳарф можароси идеология масъулларига алоқадор бўлгани учун оддий одамни янчиб ташлаши ҳеч гап эмасди. Одил Ёқубов азамат чинор эдики, унча-мунча бўрон йиқитолмасди. Марказда бош муҳаррирга қандай муносабатда бўлганини билмадик, ўзи ҳам айтмади. Миннат қиладиган одати йўқ эди устознинг. Кейин маълум бўлишича, қўл қўйилган саҳифада ҳаммаси тўғри бўлган. Цехдаги саҳифаловчи газетага қўл қўйиб бўлингандан сўнг ўша раҳбарнинг фамилиясини қайта терганида хато кетган экан...”
Атоқли ёзувчи Одил Ёқубовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гап кетганда, қуйидагиларни қисқача қайд этиш мумкин. Машҳур ижодкор 1926 йилнинг 20 октябрида Қозоғистоннинг Қарноқ қишлоғида туғилган. 1951-1956 йилларда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида ўқиган. 1955-1959 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи вазифасини адо этди. Кейинги йилларда кино соҳасида ҳам фаолият кўрсатди. Хусусан, “Ўзбекфильм” киностудиясида, республика кинематография қўмитасида бош муҳаррирлик қилди. Адиб ношир сифатида ҳам самарали меҳнат қилди. Жумладан, Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлади. Кейинги йиллардаги фаолияти эса газетачилик билан боғлиқ бўлди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятига раҳбарлик қилган йилларида нашр тиражини бир неча юз минг нусхага етказгани, газета савияси анча юқори бўлганини журналистлар фахр билан эслашади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган йилларида уюшманинг нуфузи анча ошганини, шоир ва ёзувчиларга катта ғамхўрлик кўрсатганини алоҳида таъкидлаш керак.
Машҳур ёзувчининг дастлабки қиссаси – “Тенгдошлар” нашр этилганида адиб ҳали университетнинг биринчи курс талабаси эди. Олий ўқув юртини битирганидан сўнг ниҳоятда сермаҳсул ижод қилди. “Муқаддас”, “Бир фельетон қиссаси”, ”Қанот жуфт бўлади”, “Биллур қандиллар” сингари ўнлаб китоблари, юзлаб қисса ва ҳикоялари дунё юзини кўрди.
Одил Ёқубов ўзбек романчилигига ҳам катта ҳисса қўшган ёзувчилардан бири сифатида элга танилди. Хусусан, таниқли ижодкорнинг “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Диёнат”, “Оқ қушлар, оппоқ қушлар” сингари тарихий ҳамда замонавий мавзулардаги бадиий юксак асарлари китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Уларда тасвирланган образларнинг ҳаётийлиги, сюжетларининг ниҳоятда қизиқарлилиги ва катта ҳаётий муаммолар кўтариб чиқилгани сабабли бу романлар фақат ўзбек халқининггина эмас, дунё халқларининг маънавий мулкига айланди, турли тилларга таржима қилинди ва энг асосийси, мухлислар томонидан ҳанузгача севиб ўқилмоқда.
Дунёга танилган ёзувчининг ижодий фаолияти муносиб баҳоланган. У “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби бўлган. 1985 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонига сазовор бўлган. Таниқли ёзувчи 2009 йилнинг 21 декабрида вафот этган.
Ўзбек маданияти, адабиёти, санъати ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ адиб Одил Ёқубов китобларининг бугунги кунда ҳам халқимиз ва дунё китобхонлари томонидан севиб ўқилаётгани атоқли ижодкор яратган ўлмас асарларнинг, машаққатли ва сермаҳсул ижоднинг самарасидир.
Жовли Хушбоқов, ЎзА