Ҳақ сўзнинг умри узун
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Ҳақ сўзни айтмоқ учун...” номли хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда адибнинг ижодкор дўстлари, адабиётшунослар, журналистлар, олимлар, зиёлилар ва ёшлар жам бўлди.
Хотира кечасининг “Ҳақ сўзни айтмоқ учун...” деб номланиши бежиз эмас. Чунки Одил Ёқубов бутун ижоди давомида инсонни, унинг виждонини, адолат ва ҳақиқатни ҳимоя қилишга интилди. Унинг асарларида инсон тақдири, маънавий танлов, виждон ва адолат масалалари чуқур бадиий талқин этилган.
Тадбир давомида адибнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташланди. 1926 йил 20 октябрда Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Қарноқ қишлоғида туғилган Одил Ёқубовнинг ҳаёти осон кечмаган. Ҳали мактабни тугатмаган йигитнинг 1945 йилда ихтиёрий равишда фронтга кетиши, урушдан кейин Порт-Артурда ҳарбий хизматни давом эттириши унинг ҳаёт йўлидаги муҳим босқичлардан эди. Кейинчалик Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетида таҳсил олиб, рус филологияси бўйича имтиёзли диплом билан ўқишни тамомлади.
Унинг ижодий ва меҳнат фаолияти адабиёт, журналистика, нашриёт ва жамоатчилик ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ бўлди. “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири, “Ўзбекфильм” киностудияси бош муҳаррири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби сифатидаги фаолияти давомида ҳам у қалам ва сўз масъулиятини ҳамиша устувор билди.
Одил Ёқубов ижодида тарихий мавзулар алоҳида ўрин тутади. “Улуғбек хазинаси” ва “Кўҳна дунё” романларида тарих шунчаки ўтмиш воқеалари баёни эмас, балки бугунги кун учун ҳам муҳим саволлар қўядиган бадиий тафаккур майдонига айланади. Маърифат ва жаҳолат, ҳокимият ва адолат, инсон ва замон муносабатлари адиб қаламида чуқур таҳлил этилади.
Хотира кечасида ёзувчининг нафақат тарихий романнавис, балки кучли руҳшунос адиб, драматург, публицист ва моҳир таржимон сифатидаги ижодий қирралари ҳам эътироф этилди. “Муқаддас”, “Эр бошига иш тушса...”, “Бир фельетон қиссаси”, “Матлуба” каби асарлари унинг ижодий олами нақадар кенг бўлганини кўрсатади.
Тадбирда адиб меросини бугунги авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Жорий йилда Одил Ёқубовнинг бадиий асарлари кўп жилддан иборат тўплам шаклида нашр этилгани, “Улуғбек хазинаси” романининг инглиз тилига қайта таржима қилиниб, хорижий электрон платформаларда тақдим этилаётгани унинг ижодига қизиқиш халқаро миқёсда ҳам давом этаётганидан далолат беради.
[gallery-32745]
Одил Ёқубовнинг адабиёт ва жамият олдидаги хизматлари муносиб тақдирланган. У Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2026 йилда адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши унинг миллий адабиётимиз ва маънавиятимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасига берилган юксак эътироф бўлди.
Хотира кечаси яна бир ҳақиқатни ёдга солди – инсоннинг умри йиллар билан ўлчанса, ижодкорнинг умри у қолдирган асарлар, уйғотган фикрлар ва қалбларда қолдирган изи билан ўлчанади.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА