Буюк илм меросидан — рақамли келажак сари
Бир замонлар Хоразмийнинг ҳисоблаш усули, Берунийнинг астрономик тадқиқотлари, Ибн Синонинг тиббий асарлари дунё илм-фани тараққиётига катта таъсир кўрсатган.
Бугун эса ана шу буюк алломалар юртида илм-фан ва технологиянинг янги даври шаклланмоқда. Энди билим ва кашфиётлар рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва инновациялар билан уйғунлашмоқда.
Ўзбекистон бугун рақамли тараққиёт йўлида катта қадамлар ташламоқда. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатда замонавий рақамли инфратузилма яратилиб, технологиялар одамлар ҳаётининг кундалик қисмига айланиб бормоқда.
Буни оддий бир мисолда ҳам кўриш мумкин: мамлакатимиздаги барча мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва маҳалла бинолари юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.
Мобил интернет қамрови 66 фоиздан 98 фоизга ошди. Бир вақтлар қиммат ҳисобланган мобил интернет бугун дунёдаги энг ҳамёнбоп хизматлардан бирига айланди. Сўнгги 5 йилда интернет тезлиги бўйича 65 та давлатни ортда қолдирдик, нархлар бўйича эса дунёда 22-ўринни эгалладик.
Рақамлаштиришнинг энг катта самараси эса инсоннинг вақтини тежашда кўринади. Бугун фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланиш учун идорама-идора юриб, навбат кутиши шарт эмас. Қарийб 900 та давлат хизматини my.gov.uz орқали онлайн олиш мумкин.
Шу билан бирга, 150 дан ортиқ турдаги ҳужжатни тақдим этиш талаби бекор қилинди. Агар аввал давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига бориш талаб этилган бўлса, бугун фуқаролар ва тадбиркорларнинг 90 фоизи хизматлардан онлайн фойдаланмоқда.
Бу натижалар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон Жаҳон банкининг GovTech Maturity Index рейтингида дунёда 9-ўринни эгаллади.
Рақамли трансформациянинг энг муҳим йўналишларидан бири, шубҳасиз, сунъий интеллектдир. Ўзбекистонда бу борада ҳам ишлар жадал давом этмоқда.
Президентимиз томонидан тасдиқланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси доирасида қарийб 100 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
20 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилмоқда. Уларнинг асосий вазифаси — илм-фанни амалиёт билан боғлаш, ёшларни замонавий технологияларга жалб этиш ва реал ишлаб чиқариш масалаларига технологик ечим топиш.
Бу борада халқаро ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. NVIDIA билан ҳамкорликда давлат лойиҳалари учун замонавий GPU-кластер ишга туширилди. Хорижий инвестициялар ҳисобидан қиймати 3 миллиард долларгача бўлган сунъий интеллект учун мўлжалланган яшил дата-марказнинг биринчи босқичи барпо этилмоқда.
Сунъий интеллект соҳасидаги бу қадамлар мамлакатнинг халқаро мавқеида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Government AI Readiness Index рейтингида 62-поғонага кўтарилди.
Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши Ўзбекистонни хорижий технология компаниялари учун ҳам тобора жозибадор мамлакатга айлантирмоқда.
Буни рақамлар яққол кўрсатади. 2017 йилда хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони атиги 4 та бўлган бўлса, бугун мамлакатимизда ҳар ойда 70 дан ортиқ компания IT Park резидентига айланмоқда. Эътиборлиси, бу жараён нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам фаол кечмоқда.
Бугун IT Park резидентлари сони қарийб 4 мингтага етди. IT хизматлари экспорти географияси эса 100 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган. Экспорт ҳажми 1,1 миллиард доллардан ошди.
Стартаплар соҳасидаги натижалар ҳам Ўзбекистоннинг рақамли экотизими тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
StartupBlink рейтингида мамлакатимиз стартап экотизимининг ўсиш суръатлари бўйича дунёда 1-ўринни эгаллаб, «Йил мамлакати» деб эътироф этилди.
Технологик бизнес учун қулай муҳит яратиш мақсадида инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритувчи Enterprise Uzbekistan Халқаро рақамли технологиялар маркази ҳам ташкил этилди.
Ҳар қандай технология ортида, аввало, инсон ва унинг билими туради. Шу боис Ўзбекистонда рақамли тараққиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири — замонавий кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугун IT мутахассисларини тайёрлайдиган олий таълим муассасалари сони 145 тага етди.
Мамлакат бўйлаб IT Parkнинг 1000 дан ортиқ таълим резиденти ёшларга замонавий рақамли кўникмаларни ўргатмоқда.
«5 миллион сунъий интеллект етакчилари» дастури доирасида аллақачон 1 миллиондан ортиқ киши таълим олди. Уларнинг ярмига яқинини аёллар ташкил этмоқда.
Ўзбекистонликларнинг замонавий билимларга қизиқиши халқаро платформаларда ҳам яққол кўринмоқда. Coursera платформасида замонавий технологиялар бўйича онлайн таълим олаётганлар улуши бўйича Ўзбекистон дунёда 1-ўринни эгаллади.
Айниқса, аёлларни сунъий интеллект соҳасига жалб этиш борасидаги натижалар диққатга сазовор. AI курсларидан фойдаланувчиларнинг 58,9 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Бу натижа Ўзбекистон тажрибасининг халқаро миқёсда намунавий амалиёт сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди.
Ўзбекистоннинг илм-фан ва технология соҳасидаги янги салоҳияти жорий йилда яна бир муҳим воқеада намоён бўлди.
Мамлакатимиз илк бор Халқаро информатика олимпиадаси — IOI 2026га мезбонлик қилди. Нуфузли мусобақада рекорд даражадаги иштирокчилар жамланди.
Бу рақамлар ва натижаларнинг ҳар бири ортида катта мақсад бор. Бу — ёшларга замонавий билим бериш, илм-фанни технология билан боғлаш, янги стартапларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонни рақамли иқтисодиётда рақобатбардош мамлакатлар қаторига олиб чиқиш.
Буюк аждодларимиз ўз даврида илм-фан чегараларини кенгайтирган бўлса, бугунги авлод улар қолдирган илмий меросни рақамли технологиялар билан давом эттирмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА