Рақамли тараққиёт сари Ўзбекистон қандай натижалар билан одимлаяпти?
Яқин вақтгача Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёни алоҳида лойиҳалар мажмуаси сифатида намоён бўлган бўлса, бугунги кунда у давлат сиёсатининг тизимли йўналишига айланмоқда.
Рақамли трансформация давлат бошқаруви ёндашувларини, экспорт таркибини ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини изчил ўзгартирмоқда.
Бу борадаги муҳим қадамлар сифатида, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 октябрдаги тегишли фармони билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланган эди. Ушбу изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2024 йил октябрь ойида 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси, 2026 йил 10 мартда эса янги Киберхавфсизлик стратегияси қабул қилинди.
2026 йилнинг август ойида эса Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, хорижий компаниялар ва инвестицияларни жалб этиш учун ҳуқуқий асослар яратилди.
Рақамлаштиришнинг энг сезиларли натижалари фуқароларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда мамлакатда интернет қамрови 99,5 фоизга, ундан фойдаланувчилар улуши эса 94,2 фоизга етган. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 905 турдаги хизмат кўрсатилмоқда, унинг фойдаланувчилари сони 16,8 миллион кишини ташкил этмоқда.
Халқаро баҳолашлар ҳам ижобий динамикани тасдиқлайди. БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 2020 йилда 87-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йилда 69-ўринга, 2024 йилда эса 0,7999 индекс кўрсаткичи билан 63-ўринга кўтарилди. Шу тариқа мамлакат илк бор электрон ҳукумат ривожланишининг “жуда юқори” даражасига эга давлатлар гуруҳидан жой олди. Эътиборлиси, эришилган натижа стратегияда 2025 йил учун белгиланган 0,75 мақсадли кўрсаткичдан ҳам юқори бўлди.
Айтиш жоизки, рақамлаштириш нафақат технологик инфратузилмани ривожлантирмоқда, балки мамлакат учун валюта тушумларининг янги манбасини ҳам шакллантирмоқда. IT Park резидентлари сони 2 800 нафардан ошди, уларнинг 752 таси хорижий компаниялар бўлиб, 90 дан ортиқ мамлакатга хизматлар экспорт қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари экспорти 545,3 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ошди. Шу даврда IT Park иштирокчилари томонидан экспорт қилинган хизматлар ҳажми 392,5 миллион долларга етди. Бу кўрсаткич бир йил аввалги даврга нисбатан 90,3 миллион долларга кўпдир.
Рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси ҳам ортиб бормоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматларнинг ЯИМдаги улуши 2,9 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврида 2,8 фоиз, 2024 йилда эса 2,4 фоиз бўлган. Соҳада яратилган ялпи қўшилган қиймат 30,3 триллион сўмга етди. Унинг 53,6 фоизи компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва унга ёндош хизматлар ҳиссасига тўғри келади.
Бу кўрсаткичлар мамлакатда рақамли иқтисодиётнинг оддий телекоммуникация инфратузилмасидан дастурий таъминот, компьютер дастурлаштириш ва интеллектуал хизматларга асосланган янада мураккаб иқтисодий моделга ўтаётганини кўрсатади.
Эришилган натижалар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам мавжуд. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатнинг БМТ электрон ҳукумат рейтингида дунёнинг энг илғор 30 та давлати қаторига кириши мақсад қилинган. Ҳозирги 63-ўрин эса бу борада ҳали катта масофа босиб ўтилиши кераклигини кўрсатади.
Муаммоли йўналишлардан бири – фуқароларнинг рақамли хизматлардан фойдаланишдаги фаоллиги ва иштироки. Жаҳон банкининг 2022 йилдаги баҳолашига кўра, рақамли иштирок индексида Ўзбекистон 82-ўринни эгаллаган. Демак, натижага эришишда фақат онлайн хизматлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг фуқаролар учун қанчалик қулай, тушунарли ва оммабоп эканини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим вазифа – рақамли трансформацияни АT соҳаси доирасидан ташқарига олиб чиқишдир. Энг катта иқтисодий самара рақамли ечимларни анъанавий тармоқларга – қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув хўжалиги, логистика ва молия соҳаларига кенг жорий этиш орқали таъминланиши мумкин. Бунда сунъий йўлдош мониторинги, ақлли тармоқлар, саноат интернети ва рақамли платформалардан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бирга, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, ахборот тизимларининг ўзаро мувофиқлигини кучайтириш ва миллий кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратиш зарур.
Рақамли трансформациянинг навбатдаги босқичида асосий эътибор жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмидан кўра, уларнинг иқтисодиётга келтираётган технологик ва иқтисодий самарасига қаратилиши лозим. Бунда мамлакат ичида қандай янги технологиялар, билим ва компетенциялар шаклланаётгани, юқори малакали иш ўринлари яратилаётгани ҳамда маҳаллий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари кенгаяётгани муҳим мезон бўлиши керак.
Ушбу босқичнинг устувор йўналишлари сифатида маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва булутли инфратузилмани ривожлантириш, сунъий интеллект соҳасида илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш, рақамли савдо ва логистика платформаларини кенгайтиришни келтириш мумкин. Шунингдек, муҳандислар ва дастурчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни кўрсатиш мумкин.
Рақамли технологияларнинг иқтисодиётга таъсирини фақат АT соҳаси экспорти ёки корхоналар сони билан баҳолаш етарли эмас. Уларнинг саноат ва қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, давлат хизматлари самарадорлигини яхшилаш ва янги иқтисодий қиймат яратишдаги ҳиссаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги олти йил давомида Ўзбекистон алоҳида рақамли лойиҳалардан ўлчанадиган натижаларга эга яхлит рақамли экотизимни шакллантириш сари сезиларли қадам ташлади. Давлат хизматлари кўлами кенгаймоқда, АT хизматлари экспорти ривожланмоқда, рақамли секторнинг ЯИМдаги улуши ортмоқда ва мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги позицияси яхшиланмоқда.
Эндиликдаги асосий вазифа – рақамли технологияларнинг иқтисодий самарасини нафақат АТ соҳасида, балки иқтисодиётнинг барча тармоқларида таъминлашдир. Айнан шу жараён Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда рақамли ечимлар ва технологик хизматлар бўйича минтақавий марказга айланиш истиқболини белгилаб беради.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи.
ЎзА