Буюк Британия Украинага ракета етказиб беришини эълон қилди
Буюк Британия Украинага 1000 дан ортиқ қисқа масофали ҳаво мудофааси ракетаси ва учириш мосламаси, 10 дан зиёд ҳаво мудофааси радаридан иборат қишки ёрдам тўпламини тақдим этади. Бу ҳақда Қироллик мудофаа вазири Уэс Стритинг Брюсселдаги НАТО бош қароргоҳида бўлиб ўтган Украина бўйича “Рамштейн” алоқа гуруҳи йиғилишида эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, кўмакни етказиш жараёни декабрь ойи ўрталарида бошланади.
Бу Лондон томонидан Украина ҳаво мудофааси учун ваъда қилинган 500 миллион фунт стерлинг қийматга эга ёрдамнинг бир қисмидир. Британия ушбу тизим Россия Украинага зарба бериш учун фойдаланадиган Эроннинг “Шаҳид” ракетасига қарши самарали экани аллақачон исботлаганини таъкидлади.
Кейинроқ Бош вазир Энди Бёрнэм Берлинга ташрифи чоғида Киевга ҳарбий кўмакнинг навбатдаги қисми – 1000 дан кўп узоқ масофага учадиган дрон ажратилишини айтди. Ушбу маълумот ҳукумат раҳбари девони веб-сайтида чоп этилган баёнот лойиҳасида келтирилган.
Бугун – 19 ноябрь куни Берлинда “хоҳловчилар коалицияси” давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда. Ушбу гуруҳ 30 дан зиёд давлатни бирлаштирган. Бёрнэм анжуманда 260 миллион фунт стерлинг қийматидаги янги ёрдам пакетини эълон қилади.
Ҳарбий ёрдам рўйхатида оғир жанговар каллакларни таший оладиган ҳужумкор дронлар ҳам бор. Бундан ташқари Лондон Киевга денгиз, логистика ва разведка дрони етказиб бериш мажбуриятини олган.
Январь ойида гуруҳ раҳбарлари тинчлик келишувидан сўнг Украинага қўшин жойлаштириш нияти акс этган декларация имзолаган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “хоҳловчилар коалицияси”ни “уруш қўзғатувчилар” деб атаб, тинчликни истамайдиган давлатлар гуруҳи эканини таъкидлади.
Кремль Ғарб Украинани қуроллантириши музокарага ёрдам бермаслиги, аксинча салбий таъсир кўрсатишини такрорлаб келади.
С.Раҳимов, ЎзА