Бухорода туризм қишлоқлари кўпаяди
Бухоро азалдан илм-фан, маърифат ва муқаддас зиёрат масканлари билан бутун дунёга машҳур бўлган қадимий шаҳарлардан бири. Бу табаррук заминда ҳар бир қишлоқ, ҳар бир қадамжо ўзида асрлар нафаси, миллий қадриятлар ва бой маданий меросни мужассам этган. Бугунги кунда мамлакатимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, айниқса зиёрат туризмини янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Республика ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Хўжа Ориф ҳамда Бухоро туманидаги Чор Бакр маҳаллалари ҳудудида жойлашган тарихий қишлоқларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ушбу ўрганишлар мазкур ҳудудларга “туризм қишлоғи” мақомини бериш юзасидан белгиланган мезонлар асосида амалга оширилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қишлоқларда туристларни қабул қилиш имкониятлари, инфратузилма ҳолати ва хизматлар сифати атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, қишлоқларга кириш қисмидаги стеллалар ва ташқи безаклар, йўллар ҳолати, йўл кўрсаткич белгиларининг жойлаштирилиши, санитария ва ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар фаолияти, миллий таомлар тайёрланадиган овқатланиш шохобчалари, сайёҳлар учун ташкил этиладиган маданий дастурлар, ҳудуд хавфсизлиги, тиббий хизматлар ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш маданияти ўрганилди.
Маҳаллий ҳунармандлар, кулоллар, наққошлар, зардўзлар ва кичик тадбиркорларнинг фаолияти ҳам ишчи гуруҳ эътиборидан четда қолмади. Чунки “туризм қишлоғи” мақоми нафақат тарихий объектлар, балки миллий муҳит, урф-одат ва халқнинг турмуш тарзи билан ҳам бевосита боғлиқ ҳисобланади.
Шофиркон туманидаги “Хўжа Ориф” қишлоғи Бухоро воҳасининг қадимий ва файзли масканларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳудуд асрлар давомида маънавият, илм ва тасаввуф муҳити шаклланган қадамжолардан бири сифатида эъзозланиб келинади.
Қишлоқнинг табиий муҳити, сокин ва осойишта ҳаёти, миллий қадриятлар асраб қолинган хонадонлари сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, қадимий урф-одатларга содиқлиги ва миллий анъаналарни авлоддан-авлодга етказиб келаётгани ушбу ҳудуднинг ўзига хос жозибасини янада оширади.
“Хўжа Ориф” қишлоғидаги зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжолар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам маънавий аҳамиятга эга. Қишлоқда миллий меъморчилик услубида қурилган уйлар, қадимий кўчалар ва анъанавий муҳит Бухоронинг ҳақиқий қишлоқ туризми имкониятларини намоён этади.

Бу ерда келгусида этнотуризм, зиёрат туризми ва оилавий меҳмон уйлари фаолиятини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Бухоро туманидаги Чор Бакр қишлоғи эса бутун мусулмон оламида машҳур бўлган тарихий ва диний мажмуаси билан алоҳида ўрин тутади. Ушбу ҳудудда жойлашган “Чор Бакр” мемориал мажмуаси халқ орасида “Бухоро Мадинаси” номи билан машҳур.
Мажмуа XVI асрда барпо этилган бўлиб, унда Бакрийлар сулоласи вакиллари дафн этилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ ва ҳовлилардан иборат ушбу тарихий ансамбль миллий меъморчилик санъатининг бетакрор намунаси ҳисобланади.
Чор Бакр қишлоғига ташриф буюрган сайёҳ нафақат тарихий обидаларни кўради, балки юксак маънавий муҳитни ҳам ҳис этади. Мажмуа атрофидаги сокинлик, қадимий деворлар, ҳовлилар ва яшил ҳудудлар инсон қалбига ўзига хос таскин бағишлайди.
Бу ерда зиёрат туризми билан бир қаторда маданий туризмни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосини кенгайтириш ва сайёҳларга қўшимча сервис хизматларини йўлга қўйиш имкониятлари юқори экани таъкидланди.
Ўрганишлар якунида Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳар икки қишлоқнинг туристик салоҳияти, тарихий-маданий аҳамияти, мавжуд инфратузилмаси ва аҳоли иштироки юқори баҳоланди.
Шу асосда Хўжа Ориф ва Чор Бакр қишлоқларига келгусида “туризм қишлоғи” мақомини бериш бўйича ижобий хулоса тақдим этилди.
Мазкур мақомнинг берилиши ҳудудларда туризм оқимини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳаллий аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда Бухоронинг бой маданий ва маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Энг муҳими, бу каби ташаббуслар орқали қадимий қишлоқларнинг бетакрор тарихи, миллий муҳити ва маънавий қадриятлари асраб-авайланиб, келажак авлодга етказилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири