Россия ҳудудида “Ўзбекистон туризм кунлари”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди
Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунё бўйлаб тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар самарадорлиги ошмоқда.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг XVII International Economic Forum “Russia – Islamic World: Kazan Forum” доирасидаги иштироки давомида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро туристлар оқимини оширишга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Жумладан, Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Д.Вахруков билан “Россияда Ўзбекистон туризм йили” доирасида 2024–2025 йилларда амалга оширилган тадбирлар якуни кўриб чиқилди, дейилади Туризм қўмитаси маълумотида.
Ўзбекистон томонидан Россия ҳудудларида “Ўзбекистон туризм кунлари”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди ва мазкур лойиҳа юзасидан тегишли музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида 2026–2027 йилларда Россия Федерацияси ҳудудларида “Ўзбекистон туризм кунлари” дастурини ишлаб чиқиш, соҳа вакиллари ва туроператорлар иштирокида тақдимот тадбирларини ташкил этиш, ҳудудлараро туризм ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистонни Россия туроператорлари учун ички туризмга тенглаштириладиган мамлакатлар рўйхатига киритиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу йўналишда маслаҳатлашувлар ўтказиш, ўзаро туристик алмашинувни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва туристик оқимларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилди.
Мордовия Республикаси раҳбари А.Здунов билан ўтказилган учрашувда эса “Ўзбекистон туризм кунлари”ни ташкил этиш тадбирларининг санаси ва форматини келишиш, туроператорлар ўртасида B2B ва B2C учрашувларини ташкил этишга эътибор қаратилди. Маданий ва гастрономик тақдимотларни тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Татаристон Республикаси мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси Э. Кузмичева ҳамда Татаристон давлат туризм қўмитаси раиси С. Иванов билан ҳам музокаралар ўтказилиб, мазкур давлат корхоналари ходимлари учун корпоратив туристик дастурларни ташкил этиш, қўшма маркетинг кампанияларини амалга ошириш, туризм соҳаси субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА