Бухорода таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Бухоро вилояти Педагогик маҳорат марказига Россиянинг А.С.Пушкин номидаги Давлат рус тили институти ректори, филология фанлари номзоди Никита Гусев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф доирасида педагог кадрлар малакасини ошириш, таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ҳамда илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари марказ фаолияти, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, ўқув аудиториялари ва яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди.
Учрашувда ёшларни илмий изланишларга кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган «Келажак олимлари» («Учёные будущего») халқаро лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳанинг ёшлар ўртасида илм-фанга қизиқишни ошириш ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти таъкидланди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири Бухоро вилояти Педагогик маҳорат маркази ҳамда А.С.Пушкин номидаги Давлат рус тили институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолангани бўлди.
Ҳужжатда педагогларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, илғор тажрибалар алмашиш, қисқа муддатли малака ошириш курслари, семинар-тренинглар ҳамда қўшма илмий-методик тадбирларни ташкил этиш каби устувор йўналишлар белгиланди.
[gallery-32029]
Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, касбий фаолиятида қўллаш мумкин бўлган янги педагогик ёндашувлар билан танишди.
Мазкур ҳамкорлик педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига замонавий методикаларни жорий этиш ва ҳудудда таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА