Бухорода “Прокуратура боғи” барпо этилди
Прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиз бўйлаб “Прокуратуранинг 35 йиллигига — 35 минг туп дарахт” акцияси ўтказилмоқда. Бухорода ушбу эзгу ташаббус доирасида 2 гектардан ортиқ ўзлаштирилмаган ер майдонида янги боғ барпо этилиб, қарийб 3 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Вобкент туманидаги “Халач” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Бухоро давлат ўрмон хўжалигининг Вобкент бўлимига қарашли мазкур майдон узоқ вақтдан буён фойдаланилмасдан келинаётган эди. Вилоят прокуратураси ташаббуси билан Мажбурий ижро бюроси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Экология ва иқлим ўзгариши ҳамда Ўрмон хўжалиги бошқармалари ҳамкорлигида бу ерда “Прокуратура боғи”ни ташкил этишга киришилди.
Эътиборлиси, бу сафарги ташаббус оддий кўчат экиш тадбири билан чекланмади. Аввало, ер майдонини тўлиқ ўзлаштириш, унинг тупроқ унумдорлиги ва сув таъминотини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Хусусан, майдон маҳаллий ўғитлар билан бойитилиб, шудгор қилинди, текислаш ишлари бажарилди. Кўчатларнинг ўз вақтида ва етарли миқдорда суғорилишини таъминлаш мақсадида қарийб икки километр узунликда ариқ қазилди. Бунинг натижасида нафақат янги боғ барпо этилаётган ҳудуд, балки ўрмон хўжалиги ва оромгоҳ атрофидаги ерларнинг ҳам мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Мазкур жараённинг аҳамияти шундаки, кўкаламзорлаштириш ишларида фақат кўчатлар сони эмас, балки уларнинг келгусида яхши униши ва барқарор ривожланиши учун зарур шароит яратиш ҳам муҳимдир. Боғ барпо этишдан олдин ернинг ҳолатини яхшилаш, сув манбасини таъминлаш ва агротехник тадбирларни бажариш янги яшил ҳудуднинг узоқ йиллар давомида сақланиб қолишига хизмат қилади.
Янги боғнинг барпо этилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, нуронийлар, прокуратура органлари ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, эзгу ниятлар билан бошланган ободонлаштириш ишларига барака тилаб, дуо қилинди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг Бухоро вилояти учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Дарҳақиқат, Бухоронинг табиий-иқлим шароити кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида ёндашувни талаб этади. Ёзда ҳаво ҳароратининг юқорилиги, сув ресурсларининг чекланганлиги, чанг-тўзон ва иссиқ шамоллар таъсири ҳудудда яшил майдонларни кенгайтириш билан бирга, мавжуд дарахтзорларни асраб-авайлаш ва уларни мунтазам парваришлашни ҳам долзарб вазифага айлантиради.

Шу нуқтаи назардан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган ҳар бир янги боғ, яшил ҳудуд ва ҳимоя дарахтзори экологик барқарорликни таъминлашга қўшилган амалий ҳиссадир. Дарахтлар ҳавонинг мусаффолигини сақлаш, чанг миқдорини камайтириш, ёзги иссиқ таъсирини юмшатиш ва табиий мувозанатни асрашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросида бундай ташаббусларнинг амалий аҳамияти қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар янги боғ ҳудудида кўчат экиш ишларида қатнашди. Майдонга садақайрағоч, шумтол, эдор қарағай, қайрағоч, Шарқ туяси, клён, каталпа каби манзарали, шунингдек, олма, гилос, нок ва ўрик каби мевали дарахтларнинг қарийб 3 минг туп кўчати экиб чиқилди.
Турли хил дарахт турларининг танланиши боғнинг нафақат манзарали қиёфасини шакллантириш, балки ҳудуднинг табиий ва экологик имкониятларини бойитишга ҳам хизмат қилади. Келгусида бу кўчатлар илдиз отиб, бўй чўзиши, шох-шаббалари билан соя-салқин муҳит яратиши, мевали дарахтлар эса ўз ҳосили билан боғга файз бағишлаши кутилмоқда.

Энг муҳими, бу ерда бошланган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, экилган ҳар бир ниҳолнинг парвариши, суғорилиши ва муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Зеро, кўчат экиш — хайрли ишнинг бошланиши, унинг натижасини кўриш эса мунтазам меҳнат ва масъулиятни талаб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири