“Бухорода ўзгаришлар жуда катта”
Бухорода туристик компаниялар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Польшанинг “Нова-Сонч” сайёҳлик палатаси фаолияти тақдимоти бўлди. Бухоронинг туристик имкониятлари, турпакетлар ҳамда хизматлар ҳақида ҳам соҳа вакилларига маълумот берилди.
Учрашув давомида икки томон соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Хусусан, виза масалалари, унинг нархи, чартер рейслар, полшалик сайёҳлар қизиқиши, ўзбек сайёҳлари учун Польшанинг тарихий, маданий ва кўнгилочар жойлари ҳақида сўз борди. Томонлар турпакетлари ва сайёҳлик хизматлари билан ўзаро бўлишди.

– Бухорога иккинчи маротаба келишим, ўзгаришлар жуда катта, – дейди Полша сайёҳлик палатаси президенти Павел Тсеслицкий. – Польшалик сайёҳлар ҳам бу гўзалликни кўриши керак, деб ўйлайман. Ҳамкорлик натижасида сайёҳларни Бухорога жалб қиламиз, деган умиддаман.
Учрашув сўнгида Польшанинг “Нова-Сонч” сайёҳлик палатаси ва Бухоро вилояти туризм бошқармаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири