Бухорода Франция маданият кунлари ўтказилади
Бухоро азалдан Шарқ ва Ғарб цивилизациялари туташган, турли халқлар маданияти ва анъаналари уйғунлашган бебаҳо маънавий маскан сифатида дунё аҳлини ўзига ром этиб келади. Бугунги кунда ҳам қадимий шаҳар халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш, туризм салоҳиятини юксалтириш ва халқлар ўртасидаги дўстлик кўприкларини мустаҳкамлаш йўлида янги ташаббусларга мезбонлик қилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан Франция элчихонаси вакиллари иштирокида Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шахриёров раҳбарлигида муҳим учрашув ташкил этилди.
Мазкур мулоқотда вилоят ҳокимлиги, Бухоро вилояти маданият бошқармаси, туризм бошқармаси ҳамда маданий мерос соҳаси мутахассислари иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашувнинг асосий мавзуси жорий йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Франция маданият кунлари тадбирига бағишланди. Муҳокамалар чоғида ушбу нуфузли маданий лойиҳани юқори савияда ташкил этиш бўйича бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Қайд этилганидек, маданият кунлари доирасида кенг қамровли концерт-томоша дастурлари, замонавий технологиялар асосида тайёрланадиган 3D Mapping Show, халқаро конференциялар, ижодий учрашувлар, маданий тақдимотлар ҳамда турли саҳнавий чиқишларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Айниқса, Бухоронинг тарихий обидалари бағрида ўтказиладиган замонавий ёруғлик ва мультимедиа намойишлари меҳмонларда унутилмас таассурот қолдириши кутилмоқда.
Тадбир нафақат икки мамлакат санъаткорлари ва ижодкорларини бир майдонда жамлайди, балки Франция ва Ўзбекистон халқларининг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий санъат ютуқларини кенг жамоатчиликка намоён этиш учун ҳам муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Учрашув иштирокчилари мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу лойиҳа Бухоронинг халқаро маданий марказ сифатидаги нуфузини янада ошириб, шаҳарнинг жаҳон туристик харитасидаги ўрнини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши қайд этилди.
Бугун дунё сайёҳлари нафақат тарихий обидаларни кўриш, балки маданий фестиваллар ва халқаро тадбирларда иштирок этиш учун ҳам саёҳат қилишмоқда. Шу нуқтаи назардан, Франция маданият кунлари Бухорога хорижий меҳмонлар оқимини янада кўпайтириш, маҳаллий туризм индустриясини ривожлантириш ва янги инвестицион ҳамкорликларга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Франция маданият кунларининг Бухорода ўтказилиши нафақат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг яна бир ёрқин ифодаси, балки қадимий Бухоронинг халқаро маданий мулоқотлар марказига айланиб бораётганининг ҳам амалий тасдиғидир. Тарих ва замонавийлик уйғунлашадиган ушбу нуфузли тадбир Бухоронинг маданий ҳаётида муҳим воқеа сифатида қолиши, шаҳар меҳмонлари ва аҳолига унутилмас таассуротлар улашиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири