Кадастр агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда олдини олиш борасида ўтказилган хатловлар давомида вилоят бўйича ўтган 2021 йил ва 2022 йилнинг январь ойи давомида жами 1 минг 170 та ҳолатда 155,7 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
– Олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 181 та қонунбузилиши натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган 23,5 гектар ер майдони дастлабки ҳолатига қайтарилди, – дейди Кадастр агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси Ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Абдукарим Тойиров. – Мазкур жараёнларни бартараф этиш бўйича судларга жами 695 та даъво аризалари киритилган.
Қолган 297 та ноқонуний қурилмалар бўйича ҳам даъво аризалари киритиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Жумладан, Агентликнинг Ғиждувон тумани бўлими томонидан назорат тадбирлари ўтказилганда туманнинг «Пахтаобод» ҳудудидаги «Муаззам Ая Сардори» фермер хўжалигига тегишли 555-контурдаги 50 балл бонитетли экин ер майдонидан «Улфатбиби» МФЙда яшовчи фуқаро Шерзод Суннатов томонидан уй-жой қуриш мақсадида ўзбошимчалик билан жами 0,138 гектар экин (суғориладиган) ер майдони эгалланиб, 0,0032 гектар қурилиш ишлари бажарганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига белгиланган тартибда юборилган. Бугунги кунда ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари ва ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА