Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Бу борада “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосидаги чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.
Бухоро вилояти давлат солиқ хизмати бошқармаси ходимлари ҳам мазкур тамойил асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ижтимоий тармоқдаги телеграм каналида “Soliqchi-ko'makchi Buxoro DSB” гуруҳининг ташкил этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.
Бугунги кунда мазкур телеграм канали орқали бир кунда 20 дан ортиқ тадбиркорларнинг муаммолари давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тезкорлик билан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда. Каналга келиб тушган мурожаатларга тезкорлик билан жавоб қайтариш учун вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбариятидан тортиб унинг барча бўлим бошлиқлари ҳамда ҳудудий давлат солиқ органлари раҳбарлари масъул қилиб бириктирилган.
Бундан ташқари, жойларда ташкил этилган “Тадбиркорлар маркази” орқали ҳам ишбилармонларни қийнаётган масалалар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тезкорлик билан ҳал этилмоқда.
– Биргина жорий йилнинг март-апрель ойларида ушбу марказлар орқали вилоятда 300 дан ортиқ тадбиркорларга бепул хизмат кўрсатилди, –дейди Бухоро вилояти ДСБ бошлиғи Мақсуд Маматханов. – Жумладан, вилоятда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилган фаолият натижасида жорий йилнинг апрель ойида 62 та корхонанинг ҳисоб рақамига 23 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилди.
Кўрилган чоралар натижасида фаолият юритмаётган 120 дан ортиқ корхона ўз фаолиятини тиклади. 2 минг 500 га яқин норасмий иш ўринлари легаллаштирилди. 480 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳисоботларидаги хато ва камчиликлари солиқ органлари билан ҳамкорликда тузатилди. Бўш турган 53 та объект фаолиятини тиклаши натижасида 67 та янги иш ўрни яратилди. Бухорода жами 12 минг 472 та “Онлайн” назорат касса машиналаридан фойдаланаётган тадбиркорлар мавжуд. Биргина апрель ойининг ўзида уларнинг сони 388 та дан ошди.
Зариф Комилов, ЎзА