Бухоро–Япония: туризмда янги уфқлар
Бугун дунёда туризм оддий саёҳатдан кўра кенгроқ маъно касб этмоқда. У халқларни яқинлаштиради, маданиятларни бир-бирига таништиради, янги иқтисодий имкониятлар яратади. Айниқса, қадимий шаҳарлар ва бой тарихий меросга эга ҳудудлар учун халқаро тажриба алмашинуви туризмни тараққий эттиришнинг муҳим омилидир.
Шу маънода, Бухоро ва Япония ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик тобора янги мазмун билан бойиб бормоқда. Энг муҳими, бу жараён нафақат сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш, балки илм-фан, тажриба ва инновацияларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Япониянинг Чиба университети профессорлари Косей Ямада ва Тасуки Фудзитанинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида вилоят туризм бошқармаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида меҳмонларга Бухоро вилоятининг улкан туризм салоҳияти, қадимий ва ноёб тарихий-маданий мероси, миллий ҳунармандчилик анъаналари, зиёрат туризми, гастрономик туризм ҳамда ҳудудда туризм қишлоқларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айниқса, туризм қишлоқларини ташкил этиш ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди. Зеро, бугун сайёҳ замонавий меҳмонхона ёки тарихий обидани кўриш билан чекланиб қолмайди. У маҳаллий аҳоли ҳаёти, урф-одатлари, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ва асрлар давомида шаклланган анъаналар билан яқиндан танишишни ҳам истайди.
Бухоронинг айнан шу жиҳатлари унинг туризм салоҳиятини янада оширади. Эътиборлиси, Чиба университети профессор ва ўқитувчилари томонидан Бухоронинг туризм салоҳияти ҳамда туризм қишлоқларини ривожлантириш тажрибаси юзасидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу эса Бухорода шаклланаётган тажриба халқаро илмий доираларда ҳам қизиқиш уйғотаётганидан далолат беради.
Музокаралар давомида туризм соҳасида Бухорода шаклланаётган “Бухоро тажрибаси”ни Японияда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Япониянинг туризм соҳасидаги илғор тажрибаларини Бухоро вилояти шароитида жорий этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Томонлар туризм соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва истиқболда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Бундай ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, у икки томоннинг мавжуд имкониятларини бир нуқтада бирлаштиради. Бухоро ўзининг кўп асрлик тарихий мероси ва ўзига хос туризм тажрибасини тақдим этса, Япония замонавий бошқарув, хизмат кўрсатиш, туризмни режалаштириш ва инновацион ёндашувлар борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашиши мумкин.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги туризм йўналишларини яратиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу сиёсат Бухоро мисолида янада яққол намоён бўлмоқда. Қадимий шаҳарнинг тарихий қиёфасини асраб-авайлаган ҳолда замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туризм қишлоқларини ташкил этиш, маҳаллий аҳолини туризм жараёнларига кенг жалб қилиш, янги сайёҳлик маршрутларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудуднинг халқаро туристик харитадаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда.
Япония каби тараққий этган давлатнинг нуфузли университети вакиллари билан йўлга қўйилаётган илмий-амалий ҳамкорлик эса ана шу жараённинг мантиқий давоми сифатида аҳамиятлидир.

Бухоро ва Япония ўртасидаги муносабатларнинг яна бир ўзига хос жиҳати — икки халқнинг тарих ва анъаналарга бўлган юксак эҳтиромидир.
Бухоро асрлар давомида илм-фан, маърифат ва маданият маркази сифатида дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган. Япония эса миллий қадрият ва анъаналарни асраб, уларни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштира олган мамлакат сифатида бутун дунёда эътироф этилган. Ана шу икки ўзига хос тажрибанинг туризм соҳасида бирлашиши янги имкониятларни юзага чиқариши табиий.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири