Испаниялик инвесторлар Ўзбекистонда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш ва халқаро меҳмонхона брендларини жалб этиш борасида янги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.
Шу мақсадда Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалонов Испаниянинг “Barceló Hotel Group” компанияси бош ижроия директори Раул Гонсалес бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, меҳмонхона инфратузилмасини кенгайтириш, халқаро меҳмонхона брендларини мамлакатга жалб қилиш ҳамда соҳага хорижий инвестицияларни йўналтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида испаниялик инвесторларга Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, туристик зоналар ва кластерларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, меҳмонхона бизнесини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди. Томонлар ўртасидаги мулоқотда “Barceló Hotel Group”нинг Ўзбекистон бозорига кириш ва мамлакатда меҳмонхона лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиши алоҳида қайд этилди. Хусусан, компания томонидан Ўзбекистонда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар ташкил этиш, шунингдек, уларни компания бошқарувига олиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатда фаолият юритаётган туристик объектларни бошқарувга олиш, уларни замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ва халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда замонавий меҳмонхона инфратузилмасини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва халқаро меҳмонхона брендлари иштирокини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин. Испаниянинг нуфузли меҳмонхона операторларидан бирининг Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдириши мамлакатнинг туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА