Бухоро хитойликларга манзур бўлди
Хитойлик туроператор, оммавий ахборот воситалари, блогер ва бир қатор туризм бизнеси вакиллари учун Бухоро бўйлаб инфо-тур ташкил этилди.
Тадбир доирасида Бухоронинг тарихий қисмидаги диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳатлар амалга оширилди. Бу қадим ва навқирон Бухоронинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ва юксак туризм саноатини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.


Тадбирда “Loong Air” авиакомпанияси раҳбари билан учрашув ташкил этилди. Бухоронинг туризм салоҳияти ва имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, келгусида давлатлараро сайёҳлик алмашинувини янада ривожлантириш, Бухоронинг туризм салоҳиятини Хитой Халқ Республикасида кенг тарғиб этиш орқали хитойлик сайёҳларни Бухорога жалб қилиш мақсадида Хитойдан – Бухорога тўғридан-тўғри чартер рейсларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилди.


Маълумот учун, “Loong Air” авиакомпаниясида 74 та борт мавжуд. Хитойнинг 25 та шаҳрига ҳамда Бангладеш, Комбоджа, Гонконг, Индонезия, Малайзия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Филиппин, Жанубий Корея, Тайланд, Ветьнам ва Ўзбекистонга парвозларни амалга оширади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири