Бухоро халқаро конференцияга мезбонлик қилади
Кўҳна ва боқий Бухоронинг жаҳон маданий харитасидаги мавқеи янада мустаҳкамланмоқда. 2027 йилда шаҳримиз ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг йиллик конференциясига мезбонлик қилади. Бу қарор нафақат Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, балки асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик мактаби, миллий қадриятлари ва замонавий ижодий салоҳиятига берилган юксак халқаро баҳодир.
Бугунги кунда маданий меросни асраб-авайлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини ривожлантириш ва уларни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш ҳар бир халқнинг маънавий қиёфаси ва халқаро нуфузини белгилайдиган муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Шу маънода, Бухоронинг нуфузли халқаро анжуманга мезбон сифатида танланиши катта аҳамиятга эга.
Мазкур эътироф мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини ошириш ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларини халқаро миқёсда намоён этишга қаратилаётган эътиборнинг амалий самараларидан биридир. Зеро, маданий меросга фақат ўтмиш ёдгорлиги сифатида эмас, балки бугунги тараққиёт ва келажак авлодлар учун муҳим иқтисодий, ижтимоий ҳамда маънавий ресурс сифатида қараш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бухоронинг 2023 йилдан буён ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати” йўналиши бўйича аъзо сифатида иштирок этиб келаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки бу заминда заргарлик, зардўзлик, мисгарлик, кулолчилик, гиламдўзлик, каштачилик каби ҳунарлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, бугун ҳам ўзининг бадиий қиймати ва амалий аҳамиятини сақлаб келмоқда.

2004 йилда ташкил этилган ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи бугун дунёнинг 408 та шаҳрини бирлаштирган. Унинг асосий мақсади маданият ва ижодкорликни шаҳарларнинг барқарор ривожланишида муҳим омилга айлантириш, ижодий тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
2027 йилги конференциянинг Бухорода ўтказилиши эса шаҳар ҳаётида янги имкониятлар эшигини очади. Аввало, бу маҳаллий ҳунармандлар, ижодкорлар, дизайнерлар, маданият ва санъат вакиллари учун халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўз маҳсулот ва ижод намуналарини жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини беради. Шунингдек, хорижий меҳмонлар оқимининг ортиши туризм, меҳмонхона хўжалиги, умумий овқатланиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Энг муҳими, бундай халқаро тадбирлар орқали миллий ҳунармандчиликни фақат сайёҳлар учун намойиш этиладиган қадимий санъат намунаси сифатида эмас, балки замонавий иқтисодиётнинг истиқболли йўналиши сифатида ривожлантиришга замин яратилади. Бу эса ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ижодий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Бинобарин, Бухоронинг 2027 йилги конференцияга мезбонлик қилиши оддий халқаро тадбир доирасидан анча кенг маъно касб этади. Бу — асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларимизни жаҳонга танитиш, тарихий меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш ва Бухоронинг халқаро маданий ҳамкорлик марказларидан бири сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Бухоро бугун нафақат ўтмишнинг буюк меросини сақлаётган, балки ана шу меросдан куч олиб, келажакни яратаётган ижодкор шаҳар сифатида дунё эътиборини тортмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири