Бухоро кўчаларида санъат нафаси
Бухоро кўчаларида янграётган миллий куйлар, дутор ва рубобнинг дилларга ором бағишловчи садолари, доиранинг шўх зарблари, мусиқа оҳангига ҳамоҳанг рақсга тушаётган сайёҳлар... Бу манзара шунчаки маданий тадбир эмас. У асрлар давомида сайқал топган миллий санъатимизнинг бугунги ҳаёт билан уйғунлашиб, қадимий шаҳарга янгича нафас бағишлаётганидан далолатдир.
Бухоро — ҳар бир кўчаси тарихдан сўзлайдиган, ҳар бир меъморий обидаси ўтмишнинг бетакрор саҳифаларини намоён этадиган, ҳар бир миллий анъанасида халқимизнинг маънавий қиёфаси акс этадиган муқаддас маскан. Бу ерга келган сайёҳлар нафақат тарихий ёдгорликларни томоша қилиш, балки Шарқона ҳаёт тарзи, меҳмондўстлик, ҳунармандчилик ва миллий мусиқа сеҳрини ҳис этишни ҳам истайди.
Бугун эса Бухоронинг гавжум сайёҳлик ҳудудларида янграётган жонли куйлар ана шу истакни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Қадимий шаҳар кўчалари тобора катта маданий саҳнага айланиб, санъат инсонларни бирлаштирадиган, турли халқлар ўртасида дўстлик кўприкларини барпо этадиган маънавий куч сифатида намоён бўлмоқда.
Тасаввур қилинг: тарихий обидалар бағрида сайр қилаётган сайёҳ бирдан дуторнинг майин садосини эшитади. Куй унинг қадамларини секинлатади. У ижрочиларга яқинлашади, мусиқага қулоқ тутади, куйнинг жозибасига берилади. Бир оздан сўнг атрофдагилар ҳам даврага қўшилади. Кимдир қарсак чалади, кимдир рақсга тушади, яна кимдир бу лаҳзаларни суратга олиб, ўз юртидаги яқинларига улашади.
Шу тариқа оддий сайр унутилмас таассуротга айланади. Сайёҳ тарихий обидани кўрибгина қолмай, унинг атрофида яшаб келаётган маданият билан ҳам юзма-юз бўлади.
Кўча санъатининг ўзига хослиги ҳам шунда: у санъатни махсус заллар ва саҳналар доирасидан олиб чиқиб, бевосита одамлар ҳаётига яқинлаштиради. Бу ерда томошабин билан ижрочи ўртасида масофа йўқ. Мусиқа ҳамма учун очиқ, таассуротлар эса табиий ва самимий. Айниқса, Бухоро каби бой мусиқий меросга эга шаҳарда миллий чолғулар садоси алоҳида маъно касб этади. Дуторнинг нозик оҳанглари, рубобнинг жарангдор садоси, доиранинг жўшқин зарблари сайёҳларга ўзбек халқининг руҳияти, диди ва эстетик қарашларини сўзсиз англаш имконини беради. Чунки баъзан бир куй минглаб сўзлар ифода эта олмайдиган туйғуларни инсон қалбига етказади.
Мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-406-сон қарори билан “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳасини амалга ошириш белгилангани бу борадаги муҳим қадамлардан биридир. Мазкур ташаббус доирасида кўчаларда мусиқа, рассомлик, ҳунармандчилик ва бошқа ижодий йўналишларни ривожлантириш, санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрнини кенгайтириш учун имкониятлар яратиш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари ташаббусининг аҳамиятини фақат кўчаларда мусиқа янграши ёки сайёҳлар учун янги томоша пайдо бўлиши билан чеклаб бўлмайди. Ушбу ёндашув маданиятни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш билан боғлаш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, миллий санъатни замонавий туризмнинг муҳим таркибий қисмига айлантириш имконини ҳам беради. Зеро, бугунги сайёҳ фақат тарихий обидаларни кўриш билан кифояланмайди. У борган жойининг ўзига хос ҳаётини ҳис қилишни, маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришишни, миллий таомлардан татиб кўришни, ҳунармандчилик жараёнини кузатишни ва ўзи учун янги маданий тажриба орттиришни хоҳлайди.
[gallery-31892]
Шундай экан, кўча санъати Бухоронинг туристик маҳсулотини бойитадиган, сайёҳларнинг шаҳарда кўпроқ вақт ўтказишига, янги таассуротлар олишига ва қадимий шаҳар ҳақидаги хотираларини янада бойитишга хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Бухоронинг жаҳонга танилишида унинг тарихий обидалари, меъморий ансамбллари ва асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналари катта ўрин тутади. Энди бу бойликлар қаторига шаҳар кўчаларидаги жонли маданий муҳит ҳам қўшилмоқда. Аслида миллий мусиқа — халқнинг маънавий хотираси. Унда аждодлар орзу-интилишлари, ҳаёт фалсафаси, қувончу ташвишлари ва гўзалликка муносабати мужассам. Шу маънода, кўчаларда миллий чолғулар ижросини тинглаган сайёҳ ўзбек маданияти билан жонли мулоқотга киришади.
Бундай муҳит маҳаллий ёш ижрочилар учун ҳам муҳим имкониятдир. Улар ўз истеъдодини намоён этиш, тажриба орттириш, турли маданият вакиллари билан мулоқот қилиш, миллий санъатимизга қизиқишни ошириш имконига эга бўлади. Агар бу жараён изчил қўллаб-қувватланса, кўча санъати нафақат маданий ҳодиса, балки ёшлар бандлиги ва ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи йўналишга ҳам айланиши мумкин. Шунингдек, мусиқа атрофида шаклланган жонли муҳит ҳунармандлар, миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, умумий овқатланиш шохобчалари ва сайёҳлик хизматлари кўрсатувчилари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади. Натижада санъат, туризм ва маҳаллий иқтисодиёт ўртасида ўзаро манфаатли боғлиқлик вужудга келади.
Бироқ бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун кўча санъатини шунчаки мавсумий томоша сифатида эмас, балки пухта ўйланган маданий лойиҳа сифатида ривожлантириш муҳим. Ижрочилар учун қулай ва белгиланган жойларни ташкил этиш, чиқишлар жадвалини йўлга қўйиш, миллий мусиқа анъаналарига мос репертуарни қўллаб-қувватлаш, санитария, хавфсизлик ва жамоат тартиби талабларига риоя этиш зарур.
Шу билан бирга, кўча санъати фақат миллий мусиқа билан чекланиб қолмасдан, анъанавий рақс, халқ оғзаки ижоди, кулолчилик, миниатюра, наққошлик ва бошқа амалий санъат турлари билан уйғунлаштирилса, сайёҳлар учун янада бой ва мазмунли маданий дастур шаклланади.
Замонавий туризмда манзилнинг жозибадорлиги фақат унинг тарихий мероси ёки меҳмонхоналари билан эмас, балки меҳмонга тақдим этадиган ҳиссий таассуротлари билан ҳам белгиланади. Сайёҳ сафардан қайтгач, кўрган обидаларини эслаши мумкин. Аммо кўпинча унинг хотирасида қалбига яқин бўлган бир куй, самимий табассум, кутилмаган рақс ёки маҳаллий ижрочи билан бўлган дилдан суҳбат узоқ сақланиб қолади.
Бухоро кўчаларида янграётган миллий оҳанглар ана шундай унутилмас лаҳзаларни яратишга қодир. Бу ерда мусиқа оддий безак эмас — у шаҳарнинг маданий қиёфасини очиб берадиган, уни бошқа сайёҳлик манзилларидан ажратиб турадиган ўзига хос тилдир.
Келгусида кўча санъати фестиваллари, миллий мусиқа кечалари, ёш ижрочилар чиқишлари ва ҳунармандчилик намойишларини ўзаро боғлаган ҳолда ташкил этиш Бухоронинг сайёҳлик дастурларини янада мазмунли қилиши мумкин. Бунинг учун ижодкорлар, маданият муассасалари, туризм ташкилотлари, тадбиркорлар ва маҳалла вакилларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, бундай ташаббуслар миллий санъатимизнинг табиийлигини сақлаши, маҳаллий аҳоли ҳаётига ҳурмат билан ёндашиши ва сайёҳлар учун қулай маданий муҳит яратиши лозим. Ана шунда кўча санъати бир кунлик томоша эмас, балки Бухоронинг доимий маданий анъанасига айланади.
Бухоронинг қадимий деворлари, муҳташам гумбазлари ва тор кўчалари асрлар давомида тарихни сақлаб келмоқда. Бугун эса бу кўчаларда янграётган миллий куйлар ўтмиш билан бугунни, анъана билан замонавийликни, маҳаллий маданият билан жаҳон сайёҳларини боғламоқда.
Президент ташаббуси билан йўлга қўйилган “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳам ана шу уйғунликда намоён бўлади: санъатни одамларга яқинлаштириш, миллий меросни кенг тарғиб қилиш ва ижодий салоҳиятни янги имкониятлар билан боғлаш.
Зеро, Бухоронинг жозибаси фақат тошларга муҳрланган тарихда эмас. У дутор торларида титраган навода, доира зарбида, ҳунарманд қўлларида яратилган нақшда ва меҳмонни самимий кутиб олаётган инсонлар чеҳрасида ҳам яшайди.
Қадимий Бухоро бугун нафақат тарихини намоён этмоқда — у ўз мусиқаси билан дунёни қалбига чорламоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари