2021 йилнинг айни пайтига қадар юртимиз байроғи халқаро спорт майдонларида қарийб 430 маротаба баланд кўтарилди.
Ватанимиз довруғини дунёга тараннум этиш барчамиз, шу жумладан, спортчиларимизнинг ҳам олий мақсади. Бугун бундай шарафга эришган, жаҳон майдонларида Ўзбекистон байроғини дунё узра баланд кўтараётган спортчиларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
2021 йилнинг эпидемиологик мураккабликларига қарамасдан мамлакатимиз спортчилари юзлаб халқаро мусобақалар, ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини дунё спорт майдонларида юксалтирди.
– Бу йил ҳам юртимиз спортчилари том маънода матонат кўрсатди. Ўзбекистон спортчилари ўтган 9 ойда 16 қитъа, 28 жаҳон миқёсидаги чемпионат ва кубок баҳслари ҳамда 41 нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Мусобақаларда спортчиларимиз 102 олтин, 128 кумуш ҳамда 199 бронза медалига сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли, - дейди Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси Нуриддин Маҳмудов.
Дарҳақиқат, Ватанимиз номини жаҳон майдонларида янада юксалтираётган спорт жамоаларининг бу ғалабалари таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов мамлакатимиз спортчиларининг бундан 25 йил муқаддам илк бор Ўзбекистон байроғи остида мустақил жамоа сифатида олимпия ўйинларида иштирок этганини эслаб шундай деди:
- 1996 йил АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган XXVI ёзги Олимпиада ўйинларида мамлакатимиз спортчилари мустақил Ўзбекистон байроғи остида илк бор қатнашганди.
Эсимда, «Юз йиллик ўйинлар» номидаги Атланта олимпиадасида айрим чет эллик спортчилар, мураббийлар мамлакатимизни унчалик билмасди. Ўзбекистон, деса қаерда бу мамлакат, деб сўрашарди. Жаҳлимиз чиқарди, тушунтирардик. Байроғимизни кўрсатиб, «Биз ЎЗБEКИСТОН давлатиданмиз, дердик.
Айнан ўша олимпиадада ўзбек спортчилари - Армен Багдасаров (дзюдо) кумуш ва Карим Тўлаганов (бокс) бронза медалини қўлга киритди. Уларнинг ғалабалари шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилгандаги қувончимизни сўз билан ифодалай олмайман. Ундан сўнг қанча сувлар оқиб кетди. Шукрки, бугун дунё Ватанимизни билади, тан олади.
Абдулла Орипов бир шеърида «Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу», дея ёзганди. Эътиборлиси, юртимиз спортчилари кейинги йилларда бу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб келмоқда. Тўғри, давлатимиз спортчиларга катта эътибор қаратмоқда, уларни ҳаддан ташқари сийлаб юборишди, каби енгил-елпи фикр билдираётганлар ҳам бор. Бундай қарашларнинг эркин айтилаётганлиги мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан сўз эркинлиги борасида олиб борилаётган ислоҳотлар маҳсули. Аммо Ўзбекистон байроғини халқаро спорт майдонлари, олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида юксалтирган спортчиларни қадрлаш, эъзозлаш ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам унутмаслик лозим.
Муҳими, юзлаб ёшлар спортчиларнинг шижоатидан тўлқинланиб, оммавий спорт билан ошно тутинмоқда. Бу, халқимиз генофондини соғломлаштиришга хизмат қилаётганлиги эса алоҳида мавзу, – дейди Б.Махситов.
Ҳақ гап. Зеро, халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг ўз ўрни бўлиши, унда ҳамиша давлатимиз байроғи сарбаланд туриши барчамиз учун ифтихордир. Шундай шарафни эса олов қалб ёшларимиз тақдим этмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, якунланиб бораётган 2021 йилда мамлакатимизда 258 та Ўзбекистон чемпионати ва кубок мусобақалари ўтказилган бўлиб, уларда 40 минг нафарга яқин ёшлар қатнашган. Мазкур мусобақалар давомида Ватанимиз байроғи доимо юксалиб турди.
Яна бир аҳамиятли жиҳат, жорий йил Ўзбекистон спортчиларининг Токиода ўтказилган олимпия ва паралимпия ўйинларидаги иштироки ва Россиянинг Қозон шаҳридаги 1-МДҲ ўйинлари жараёнида Ўзбекистон байроғи доим Россия ва Япония спорт майдонлари, мегаполис шаҳарларнинг кенг кўчаларида юзлаб мамлакатларнинг байроқлари қаторида хилпираб тургани, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган спортчиларимиз матонати эвазига хур байроғимиз сарбаланд бўлганлиги ҳар бирюртдошимиз қалбига чексиз ғурур бағишлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон байроғи ғуруримиз тимсоли. Бугун бу ифтихор миллий спортимиз – курашнинг либоси сифатида дунё курашчиларини бирлаштириб турганлиги ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, бугун Кураш халқаро ассоциацияси (IKA) тизимидаги мамлакат ёки қитъа чемпионати ва ёки Осиё ўйинлари бўладими, қўйингки, ҳар қандай кураш мусобақасида спортчилар Ўзбекистон байроғидан жило олган кураш яктагида беллашади, майдон айланади.
Курашнинг дунё спортига айланганлиги, жаҳоннинг 15 миллиондан зиёд ёшлари миллий спортимиз билан шуғулланаётганлиги байроғимизнинг қадри юздан ортиқ давлатларнинг рамзлари орасида муносиб ўрнига эгалигидан далолат эмасми?
Куни кеча пойтахтимизда якунланган самбо бўйича жаҳон чемпионатида 11 нафар спортчимизнинг ғалабаси ёки Туркияда каратэ бўйича ёш спортчиларимизнинг зафарли одими, қиличбозларимизнинг Коста-Рика шоҳсупасида қойим бўлиши, йил давомида дзюдо, таэквондо, бокс, волейбол, белбоғли кураш каби қатор спорт турларидаги ёшларимизнинг шарафига юксалаётган байроғимиз бизнинг дунёдаги борлигимизни, Ватанимизнинг халқаро спорт майдонларидаги куч-қудратининг ёрқин тимсоли бўлмоқда.
Бундай фахрга жисмоний тарбия ва спорт соҳасига эътибор, ёшларга ғамхўрлик ва албатта, улкан меҳнат, тинимсиз изланишлар, мурабби-ю мутахассисларнинг фидойилиги, ҳамжиҳатлиги орқали эришилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА