Миллий ўзлигимиз ва шонли тарихимизнинг ифодаси
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлгани муносабати билан Нурафшон шаҳрида ўрнатилган, баландлиги 62 метрни ташкил этган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида Тошкент вилояти фаоллари, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд аҳолиси ва ёшлар жам бўлди.
“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида ташкил этилган байрам тадбирида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Бабажанов барчани самимий табриклаб, Давлат байроғи халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, миллий ғурури, Ватанга садоқати ҳамда ягона мақсад йўлидаги бирдамлигининг ёрқин тимсоли эканини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилда ҳам мамлакатимиз бўйлаб анъанавий “Байроқ эстафетаси” кенг кўламда давом этмоқда. Куни кеча муқаддас байроғимиз вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, ёшлар ва кенг аҳоли иштирокида тантанали равишда қабул қилиб олинди. Ушбу тадбирларда Давлат байроғига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ҳамда фахр-ифтихор туйғулари намоён бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир ҳам сўзга чиқиб, Давлат байроғимиз мустақиллигимиз, халқимиз ғурури, миллий ўзлигимиз ва шонли тарихимизнинг ифодаси эканини таъкидлади. У Ватан ва эзгу инсоний қадриятларни мадҳ этувчи шеърларидан намуналар ўқиди.
Санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев,ЎзА