Бугун туғилган кун – Шаҳрулло Маҳмудов
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов 1970 йил 13 сентябрь куни Бухоро вилоятида туғилган.
Ўзбекистон спорт ҳаракатининг ёрқин вакилларидан бири Шаҳрулло Маҳмудов узоқ йиллар оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, мамлакат оғир атлетика федерацияси бош котиби вазифаларида самарали меҳнат қилди. Ҳозирда у Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг ўринбосари вазифасида мамлакатимиз спорти ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ш.Маҳмудов Халқаро оғир атлетика федерацияси ва Осиё оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Осиё Олимпия кенгаши ҳамда Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси қарори билан у 2023 йил Хитойда ўтган XIX Осиё ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларини ўтказиш ва ташкил этиш комиссияси раиси сифатида самарали фаолият олиб борди.
Мамлакатимиз спорт довруғини дунёга ёйиб келаётган Руслан Нуруддинов, Акбар Жўраев, Достон Ёқубов, Турсуной Жабборова каби спортчиларнинг етишиб чиқишида, “Рио-2016”, “Токио-2020” ва “Париж-2024” Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муваффақиятга эришишида Ш.Маҳмудовнинг алоҳида хизматлари бор.
Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш, мамлакатимизда спорт ва Олимпия ҳаракатини юксалтириш борасидаги хизматлари учун Шаҳрулло Маҳмудов давлатимиз томонидан 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози”, 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2021 йилда I даражали “Соғлом авлод учун” орденлари билан тақдирланган.
ЎзА