Бугун Франциянинг ярим финалдаги рақиби аниқ бўлади
Америка Қўшма Штатларининг Массачусетс штати Фоксборо шаҳридаги «Жиллетт» стадионида футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг чорак финали доирасида Франция ва Марокаш терма жамоалари ўзаро майдонга тушди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи таймда французлар устунликни қўлга олди. Аввал 60-дақиқада Килиан Мбаппе ҳисобни очди. Орадан олти дақиқа ўтиб, Усман Дембеле жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Баҳснинг 77-дақиқасида Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Унинг ҳолати юзасидан қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Шу тариқа, Франция терма жамоаси 2:0 ҳисобидаги ғалаба эвазига Жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўлланма олди.
Чорак финал баҳслари бугун ҳам давом этади. 10 июлдан 11 июлга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да Калифорния штати Инглвуд шаҳридаги «Соу-Фай» стадионида Испания ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Ушбу баҳс ғолиби ярим финалда Францияга қарши майдонга тушади.
Маълумот учун, 11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси яна икки чорак финал учрашуви ўтказилади. Майами шаҳридаги «Майами» стадионида Норвегия ва Англия терма жамоалари ўзаро куч синашади. Ушбу баҳсни франциялик ҳакам Клеман Тюрпен бошқаради.
Яна бир чорак финал баҳси «Канзас-Сити» стадионида Аргентина ва Швейцария терма жамоалари иштирокида ўтказилади. Учрашувни португалиялик ҳакам Жоау Пиньейру бошқаради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА