Бугун 9 нафар дзюдочимиз Жаҳон чемпионлиги учун татамига чиқади
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да дзюдо бўйича давом этаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бугун қизлар ўртасида -63 ва -70, ўғил болалар орасида эса -73 ва -81 килограмм вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилади.
Мусобақанинг ўрта вазн тоифасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар вакили татамига чиқади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, қизлар ўртасида -63 килограмм вазн тоифасида Нигина Сапарбоёва, Динора Самандарова ва Паризода Йўлдошева юртимиз шарафини ҳимоя қилади. -70 килограмм вазнда эса Пошшажон Жумабоева ҳамда Дурдона Турсунова баҳсларга киради. Йигитларимиздан -73 килограмм вазн тоифасида Муҳриддин Маъруфов ва Иноят Телманов, -81 килограмм вазнда Камронбек Қодиров ҳамда Саъдулла Равшанов ғолиблик учун татамига чиқади.
Дзюдочиларимизнинг илк учрашувлари:
-63 кг вазн тоифаси
Нигина Сапарбоева – Мубарак Менас (Иордания)/Ҳонока Кимура (Япония);
Динора Самандарова – Эмили Даниэла (АҚШ);
Паризода Йўлдошева – Иветт Фуэнтес (Венесуэла);
-70 кг вазн тоифаси
Пошшажон Жумабоева – Марта Навикайте (Литва)/Янг Юан Жи (Хитой);
Дурдона Турсунова – Рената Сандовал (Мексика)/Диана Бенкова (Польша);
-73 кг вазн тоифаси
Муҳриддин Маъруфов – Николас Гкинис (Греция);
Иноят Телманов – Али Ал-Шаммари (Кувейт)/Константинос Цапарас (Греция);
-81 кг вазн тоифаси
Камронбек Қодиров – Меҳди Аббасов (Озарбайжон)/Эдоардо Руссо (Италия);
Саъдулла Равшанов – Таичи Окудо (Япония).

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медаль Муҳаммаджон Машарипов томонидан қўлга киритилди. -60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз финалда жаҳон рейтинги пешқадами, АҚШ вакили Жонатан Янгни қўшимча вақтда мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА