Бугун 4 нафар курашчимиз Остонада жаҳон чемпионлиги учун беллашади
Бугун Остонада спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати старт олди. 100 давлатдан минглаб спортчилар иштирокидаги баҳсларда ўзбек полвонларининг имкониятлари қандай?
Бугун, 24 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати бошланди. 100 давлатдан минглаб спортчилар иштирок этаётган жаҳон чемпионати дастурига мувофиқ, бугун кун давомида юнон-рум кураши вакиллари -55, -60, -77 ва -82 килограмм вазн тоифаларида беллашади.

Кеча мусобақалар олдидан юнон-рум кураши баҳсларига ташланган қуръа натижаларига кўра, дунё биринчилигида қатнашаётган спортчиларимиз ўз рақибларини билиб олди:
-55 кг: Ихтиёр Ботиров – Кагетора Окамото (Япония) – Исхар Курбаев (Қозоғистон)
-60 кг: Алишер Ғаниев – Жустас Петравикиус (Литва) / Лукас Грассо (Франция)
-63 кг: Озодбек Ҳалимбоев – Хосе Родригес (Венесуэла)
-67 кг: Айтжан Халмаханов – Эллиот Блек (АҚШ)
-72 кг: Аброр Атабаев – Мингиян Гораев (Россия)
-77 кг: Дониёрхон Накибов – Ловеприт (Ҳиндистон)
-82 кг: Жалгасбай Бердимуратов – Пьер Олофссон (Швеция)
-87 кг: Муҳаммадқодир Расулов – Яхар Ярашевич (Беларусь)
-130 кг: Рафаел Ситсуашвили – Илхам Тохтаев (Қирғизистон)
Қуръа натижаларидан ҳам кўриниб турибдики, бугунги беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Ихтиёр Ботиров, Алишер Ғаниев, Дониёрхон Накибов ва Жалгасбай Бердимуратов Япония, Қозоғистон, Литва, Франция, Ҳиндистон, Швеция вакиллари билан куч синашади.
Кеча чемпионат доирасида Бирлашган спорт курашлари дунёси (UWW)нинг навбатдаги конгресси ўтказилиб, унда UWW’нинг амалдаги президенти Ненад Лалович ташкилот раҳбари лавозимига қайта сайланди.

Айтиш лозимки, 68 ёшли Лалович Бирлашган кураш дунёсини 2014 йилдан бери бошқариб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 30 та медаллар жамланмаси учун беллашувлар ўтказиладиган дунё биринчилигининг юнон-рум кураши баҳслари 26 октябрга қадар давом этади. Ундан кейин 27-29 октябрь куни аёллар кураши ҳамда 29 октябрь - 1 ноябрь кунлари эркин кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА