2020/2021 ўқув йили ҳам охирлаб қолмоқда. Бугунги кундаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аксарият мактаблар онлайн таълим шаклини танламоқда.
Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, кўпчилик ота-оналарда бу йил биринчи синфга қабул қай тартибда ташкиллаштирилади, деган савол пайдо бўлмоқда.
Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида умумтаълим мактабларида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилганлик ҳолатлари юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов жавоб берди.
– Маълумки, 2020-2021 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари учун биринчи синфга қабул жараёни онлайн тарзда бўлиб ўтган эди, – деди Р.Каримжонов. – Натижада пойтахтимизда 45 мингга яқин ўқувчи онлайн навбатга туриб, мактабга бормасдан биринчи синфга қабул қилинди. Бу тизим пандемия шароитида яхши самара берди. Бу йил ушбу тажрибани республикамизнинг марказий мактабларида тўлиқ онлайн қабул жараёнини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда ота-она мактабга бормай, ўз уйида турган ҳолатда мактабга ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлади.
Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, бу биринчи навбатда, коррупциянинг олдини олади, шаффофликни таъминлайди. Бундан ташқари, ушбу порталда ўз ҳудудида жойлашган мактаблар тўғрисида маълумотлар олиш, боғланиш ва ҳужжат топшириш имконияти мавжуд. Бу ота-оналар учун вақтини тежашда ҳам жуда қўл келади. Бу каби яратилаётган лойиҳалар ота-оналарга енгиллик бериш, хавфсизлик юзасидан бир қатор имкониятларни яратади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА