БРМ ойлиги: соғлиқни сақлаш тизимида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида аҳоли саломатлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис, юртимизда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва профилактика ишларини кучайтиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Парламент қуйи палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган “Соғлом жамият ва сифатли тиббий хизматларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими мутасаддилари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Спорт вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида соҳадаги ишлар таҳлил қилинди.

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида ташкил этилган тадбир давомида соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган устувор вазифалар ижроси қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида бажарилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифаларга эътибор қаратилди.
Анжуман давомида аҳоли саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган қатор ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ногиронликни белгилаш жараёнларини такомиллаштириш, протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш орқали инсоннинг функционал имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар жараёнида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА