Парламетлараро иттифоқ Ассамблеясида соғлиқни сақлаш масаласига эътибор қаратилди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 153-ассамблеяси доирасида мазкур халқаро ташкилотнинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси томонидан «Ҳамкорлар билан мулоқот» учрашуви ташкил этилди.
Унда қўмита аъзолари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, ПИ Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Орал Атаниязова бошқарган мажлисда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, жинсий ва репродуктив саломатлик ҳамда ҳуқуқларни таъминлаш, ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш, шунингдек, аҳолининг зарур тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

О.Атаниязова мазкур йўналишларда Ўзбекистон эришаётган ютуқларга тўхталиб ўтди. Аҳолига сифатли ва қулай тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив ҳуқуқларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ушбу соҳаларда тизимли дастурлар қабул қилинган. Аҳолининг зарур тиббий хизматлардан тенг ва тўсиқларсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида тиббиётнинг бирламчи бўғини тубдан ислоҳ қилинди.
Ўзаро мулоқот жараёнида ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, уларнинг репродуктив саломатлиги билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар шароитида руҳий саломатликни муҳофаза қилиш қўмита фаолиятининг истиқболдаги муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.

Мулоқот давомида халқаро ҳамкорларнинг тажриба ва таклифлари тингланди. Соғлиқни сақлаш соҳасида парламентларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва сиёсий мулоқот имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
ПИ Соғлиқни сақлаш қўмитасининг учинчи йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда «Ҳамкорлар билан мулоқот» учрашуви якунлари сарҳисоб қилиниб, жинсий ва репродуктив саломатлик ҳамда ОИВ/ОИТС масалалари бўйича асосий тавсия ва таклифларни шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
ПИнинг 2027 - 2031 йилларга мўлжалланган янги Стратегияси доирасида қўмитанинг келгуси фаолияти, соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА