Бразилия - кейинги босқичда
Футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичида Бразилия терма жамоаси Япония устидан ғалаба қозониб, 1/8 финалга чиқди.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичида Бразилия ва Япония терма жамоалари ўзаро тўқнашди.
Хьюстон шаҳридаги “NRG” стадионида бўлиб ўтган учрашувнинг 29-дақиқасида Каисю Сано рақиб дарвозасини ишғол қилиб, Японияни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Каземиро ҳисобни тенглаштирди. 90+6-дақиқада эса Габриэл Мартинелли гол уриб, Бразилиянинг ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, Бразилия терма жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучиб, мундиалнинг кейинги босқичига йўл олди. Энди бразилияликлар 1/8 финалда Норвегия ҳамда Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўртасидаги учрашув ғолиби билан куч синашади.
Дарвоқе, плей-оффнинг яна икки учрашуви бўлиб ўтади. Хусусан, соат 01:30 да Германия – Парагвай, соат 06:00 да эса Нидерландия – Марокаш терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА