Божхонада шаффофликнинг янги босқичи
Бугун замонавий давлат бошқарувини рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва шаффофлик бевосита таъминланиши лозим бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларда рақамлаштириш оддий техник янгиланиш эмас, балки иш услубини тубдан ўзгартирадиган муҳим омилдир.
Божхона тизимида ҳам ана шундай янгиланишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида божхона органлари фаолиятида замонавий назорат, таҳлил ва хавфларни баҳолаш тизимларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартибларини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида ишга туширилган янги “Махсус суриштирув хонаси” ана шу кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир. Замонавий талаблар асосида жиҳозланган махсус хона фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи А. Ахлимирзаев, вилоят божхона бошқармаси ходимлари, вилоят прокуратураси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда божхона органларида қонунийликни таъминлаш, процессуал жараёнларни рақамлаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Суриштирув ва процессуал ҳаракатларни замонавий техник воситалар орқали узлуксиз видеокузатув ҳамда аудио ва видео қайд этиш имконияти жараёнларни ҳужжатлаштириш сифатини оширишга хизмат қилади. Бу эса иш жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш, процессуал талабларга риоя этилишини назорат қилиш учун қўшимча имконият яратади.
Замонавий суриштирув тизимининг яна бир муҳим жиҳати процессуал ҳужжатларни электрон шаклда юритиш ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланишдир. Бу ортиқча қоғозбозликни қисқартириш, маълумотларни тизимлаштириш, ҳужжатлар билан ишлашни тезлаштириш ва инсон омили билан боғлиқ эҳтимолий хатоларни камайтиришга хизмат қилади.
Бухородаги махсус суриштирув хонаси — алоҳида бир хона эмас. У божхона тизимида рақамли трансформациянинг инсон ҳуқуқлари ва қонунийлик билан уйғунлашган амалий кўринишидир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида технология қанчалик ривожланган бўлмасин, унинг энг муҳим вазифаси инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилишдан иборат.


Шу маънода, суриштирув жараёнларининг техник воситалар орқали қайд этилиши, процессуал ҳужжатларни рақамли юритиш ва жараёнларни белгиланган тартибда ташкил этиш фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Махсус суриштирув хонаси”нинг ишга туширилиши ходимлар зиммасига янада катта масъулият юклайди. Зеро, замонавий технологиянинг ўзи натижа эмас. Ундан тўғри, қонуний ва самарали фойдаланиш — асосий мезон.
Шу боис янги имкониятлар божхона ходимларининг касбий маҳорати, ҳуқуқий билимлари ва масъулияти билан уйғунлашгандагина кутилган самарани беради.
Бу ерда ҳар бир процессуал ҳаракат аниқлик, қонунийлик ва масъулият мезонлари асосида ташкил этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари эса ишончли ҳимоя қилиниши учун замонавий шароит яратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири