Божхона бошқармасида махсус суриштирув хонаси иш бошлади
Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида замонавий техник воситалар билан жиҳозланган махсус суриштирув хонаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу хона суриштирув ва терговга қадар текширув жараёнларини қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, процессуал ҳаракатларнинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Янги хонанинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи А.Ахлимирзаев ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари И. Сейдеметов иштирок этди.
Хонада сўроқ қилиш, юзлаштириш, шахсни таниб олиш каби процессуал ҳаракатларни ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, видео-конференс-алоқа воситалари орқали масофавий процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд.

Мазкур хонанинг фойдаланишга топширилиши божхона органларида суриштирув фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, процессуал ҳаракатларни самарали ташкил этиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири