Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари ушлангани борасида хабарлар тарқалди. Қўмита раҳбарияти АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳодисага изоҳ бериб ўтди.
Қайд этилишича, қўлга олинган шахс бўлим ходими мақомидаги шахс бўлиб, тўловлар бўлимида ишлаган ва у суғурта компанияси билан тил бириктирган. Божхона тизимида суғурта полиси асосида тўловларни маълум муддатга кечиктиришга рухсат бериш амалиёти бор.
Божхона ходими суғурта компанияси билан келишиб, унинг манфаатини ноқонуний равишда ҳимоя қилган. Ходим ҳаракатлари икки ой давомида хавфсизлик ходимлари иштирокида кузатиб келинган, жиноят аломатлари тасдиқлангач эса ҳибсга олинган.
—Бу ерда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш йўналишидаги бир амалиёт — суғурта компанияларидан тақдим қилинган суғурта полиси асосида маълум муддатга божхона тўловларини кечиктириш учун рухсат бериш ҳақида гап кетяпти, — дейди Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов. — Рухсат бериш жараёнида ўша ходим суғурта компанияси билан жиноий тил бириктирган. Қўмита раҳбарияти томонидан бу схемани аниқлаш бўйича топшириқ берилган. Жойлардан олинган маълумотлар асосида текширув натижасида 145 миллиардга яқин маблағ суғурталаш орқали ўзлаштиришга эришмоқчи бўлишганини аниқладик. Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган. Ходимимиз устидан керак бўлса, ўзимиз жиноят иши қўзғатиб, ўзимиз тегишли идораларга олиб бориб топшириш имкониятимиз бор.
Қайд этилишича, ходим қўмитанинг ўз хафсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда 2−3 ой кузатувда бўлган. Кузатув давомида унинг жиноий гуруҳларга аралашиб, уларнинг манфаатлари учун хизмат қилгани аниқланган.
Хизмат текшируви асосида ходим 23 ноябрь куни ишдан бўшатилган эди. Бўшатилгандан кейин мана шу ҳаракатда жиноят элементлари бўлгани учун ходим бугунги кунда ҳибсга олинган.
Ҳозирда 145 миллиард сўм зарардан 84 миллиард сўми ундиришга эришилган. Компаниянинг бир-икки ходими чет элга қочиб кетган, улар қидирувга берилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА