Божхона аудити тадбиркорларнинг вақти ва молиявий харажатлари тежалишига хизмат қилади
13 сентябрь куни лойиҳа муҳокамаси учун белгиланган муддат якунланиб, лойиҳага оид қатор фикр ва таклифлар билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси томонидан “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат божхона қўмитаси масъуллари иштирок этган тадбирда бугунги кунда божхона органлари фаолиятини ислоҳ қилиш, самарадорлигини ошириш ва хизмат фаолиятига илғор, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Божхона ва ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича бугунги кунда Жаҳон банки халқаро экспертлари билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, лойиҳанинг дастлабки намунаси жамоатчилик фикрини ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг таклифларини олиш мақсадида жамоатчилик порталига жойлаштирилган эди.
13 сентябрь куни лойиҳа муҳокамаси учун белгиланган муддат якунланиб, лойиҳага оид қатор фикр ва таклифлар билдирилган.
Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилишининг зарурияти, аввало, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ва маҳсулотни божхона назоратидан ўтказилишини тезлаштиришга қаратилган. Божхона аудити жорий этилиши “қизил” йўлакка йўналтирилаётган божхона юк декларациялари сонининг камайишига, “яшил” ва “сариқ” йўлакларга йўналтирилган тақдирда эса уларнинг сонини ошишига олиб келади. Натижада, тадбиркорларнинг божхонада сарфлаётган вақти ва молиявий харажатлари тежалишига эришилади.
Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда маҳсулотлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назорати жами ўтказилган божхона назоратининг 90 фоизини ташкил этмоқда. Мисол учун, Жанубий Кореяда 88 фоиз божхона назорати юк чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.
Халқаро ташкилотларнинг тавсияларида ҳам божхона аудитининг жорий этилиши маҳсулотларни божхона назоратидан ўтказилишининг тезлашишига ва сарфланадиган харажатларнинг камайишига олиб келиши маълум қилинган.
Таъкидланишича, Божхона аудити Қўмита розилиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа тегишли вазирлик ва идораларнинг таклифлари, шунингдек, жамоатчилик фикри асосида қайта такомиллаштирилиши мумкин.