Божхона соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳолашда бевосита тадбиркорларнинг фикри муҳим. Бу трансчегаравий савдони енгиллаштириш ва тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Соҳада кутилаётган ўзгаришлар хусусида Тошкент вилояти божхона пости Божхона аудит бўлим бошлиғи Камолидин Исмоиловнинг фикрларини олдик.
– Божхона йўналишида тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дея фикрини бошлади мутахассис. – Шу сабабли Божхона қўмитаси ҳузурида Тадбиркорларнинг маслаҳат кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Тадбиркорлар томонидан мазкур таклиф қўллаб-қувватланиб, кенгаш таркиби ҳам тасдиқланди. Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқармаси бошлиғи кенгаш котиби сифатида белгиланди.

Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги «Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, солиқ ва божхона органлари томонидан «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими Солиқ ва Божхона кодексларига мувофиқ юритилади.
Дарҳақиқат, юртимизда божхона хизматининг самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар асосида янги тизим жорий этилаётгани эътирофга лойиқ. Жумладан, 2025 йил 25 мартда қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра 1 июлдан бошлаб ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш бекор қилинади, уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти тўхтатилади. Товарлар экспортида барча тартиботлар электрон шаклда тасдиқланади.
Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиботларини соддалаштириш битими талаблари асосида товарларга нисбатан божхона органларининг дастлабки қарорлари 1 июлдан жорий этилади.
1 сентябрдан эса тадбиркорлар божхона тўловлари ва бошқа расмийлаштирув тўловларини республика бўйлаб исталган ҳудуддан амалга ошириш имконига эга бўлади, бу учун ягона ғазна ҳисобварағи очилади.
Тадбиркорлар учун қулайлик яратиш, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар давоми сифатида 1 декабрдан бошлаб қайта ишлаш режимларида божхона декларациялари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилади, “Толлинг операциялари” модули жорий қилинади. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари мажбурий мувофиқликни баҳоламасдан, ишлаб чиқарувчиларнинг кафолати остида муомалага чиқарилишига рухсат берилди.
Бундан ташқари, божхона соҳасига сунъий интеллект технологиялари жорий этилади, хавфни бошқариш автоматлаштирилади ва контрабандага қарши самарали курашиш тизими такомиллаштирилади.
Мақсад – 2030 йилгача Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида Ўзбекистоннинг ўрнини сезиларли даражада оширишдир. Ўз ўрнида ушбу ўзгаришлар тадбиркорлик муҳитини енгиллаштириш, ташқи савдони рағбатлантириш ва божхона расмийлаштирувини тезлаштиришга хизмат қилади.
Божхона органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлиги ошиши – иқтисодиётда инвестициявий жозибадорликни кучайтиришга йўналтирилган муҳим қадамлар сифатида баҳоланади.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.