Бойсун – сайёҳлик маконига айланмоқда
Хушманзара тоғлар қўйнидаги Бойсун тумани гўзал табиат манзаралари, зилол, шифобахш сувлари, болдек ширин табиий мевалари билан дунёга танилган.
Узоқ ўтмишга бориб тақаладиган археологик ёдгорликлари, номоддий маданий мероси, бой тарихи билан етти иқлимга овоза бўлган.

Сержило гўшага келган сайёҳлар палеолит даврига оид инсоният бешиги – Тешиктош камари, Амир Темур, Мачай ғорлари, олтмиш беш миллион йиллик динозаврлар излари, ўз замонида муҳим истеҳком, стратегик иншоот вазифасини бажарган Узундара, Қўрғонзал, Туманқўрғон сингари археологик ёдгорликлари, минг йиллик тарихга эга Сайроб чинорлари, Хўжамайхона зиёратгоҳи билан яқиндан танишишни истайди. Омонхона, Сайроб шифобахш сувларидан, гўзал табиат манзараларидан бахраманд бўлишга ошиқади. Кейинги йилларда сайёҳлар Хўжақўчқор ота аномалик зонаси, Хўжағурғур ота ғори, Тангисар каньони билан ҳам жуда қизиқмоқда.

–Инсониятнинг энг қадимги манзилгоҳларидан бири бўлган Бойсун сайёҳлик салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзилларга эга ҳудуд,–дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. – Бу ерларда замонавий меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари, дельтоплан майдончалари барпо этиш, тоғ спорти, дор йўллари сингари туристик масканлар ташкил этиш ҳудудга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади. Масалан, Бойсун тоғ даралари қўйнида Американинг Аризона каньонларидан фарқ қилмайдиган Тангисар каньони табиат зонаси бор.

Бу ҳудуд ўрта асрларда муҳим стратегик жой бўлиб, савдо карвонлари ва қўшинлари учун транзит вазифасини бажарган. Бухоро, Самарқанд ва Чошдан Бақтрия ва Ҳиндистонга, Ҳиндистон ва Бақтриядан Марказий Осиё шаҳарларига юк ташишнинг энг қисқа йўли саналган. Эндиликда бу жой нафақат ана шу тарихи балки, жаҳондаги ноёб қизил тоғ дараси билан ҳам кўпчиликда қизиқиш ўйғотмоқда. Мазкур туристик маскан келгусида йирик сайёҳлик ҳудудга айлантирилиб, бу ерда ҳаво шарлари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бойсунлик тадбиркорларда ҳам ҳудудда замонавий туризм обьектлари барпо этишга қизиқиш ўйғотди. Жумладан, тумандаги “Ферузбек Асл чорваси” фермер хўжалиги Бойсун тоғи ён бағридаги Хўжа қўчқор ота зиёратгоҳи атрофида 150 гектарга яқин майдонда туризм зонаси барпо этмоқда. Ҳозиргача агро, эко ва зиёрат туризм шайдолари учун учта замонавий коттеж, учта ўтов ва енгил конструкцияли контейнер типидаги туристларни қабул қилишга мўлжалланган ётоқ-жой, ёзги бассейн, сержило табиат қўйнида дилдан суҳбат қуриб, дам олиш учун табиий супалар, тадбирларга мўлжалланган саҳна барпо этди. Сўлим тоғ этагида бодом, ёнғоқ, олма, гилос, узум, ўрик, нок каби мевали дарахт кўчатларини экиб, парваришламоқда. Сайёҳларга 20 га яқин киши хизмат кўрсатмоқда.

–Бу ер мафтункор табиат манзаралари, Хўжақўчқор ота зиёратгоҳи ва аномалик зонаси билан машҳур,– дейди фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Тўрақулов. –Зиёрат, эко, агро туризм шайдолари билан гавжум бўладиган жой. Кейинги йилларда туристик лойиҳалар ташаббускорларига мамлакатимизда катта имконият ва имтиёз берилмоқда. Бу имкониятдан фойдаланиб 50 ўринли хостел, замонавий ошхона, мини футбол майдони, экотуризм йўлаклари барпо этмоқчиман. Ов ва экстремал туризмни йўлга қўяман. Квадратцикл, багги, ҳаво шарлари олиб келаман. Дор йўли, аэроплан, дельтоплан майдончаси қураман.

Омонхона шифобахш булоғи тумандаги Инкобад маҳалласида жойлашган. Мутахассисларнинг айтишича, ҳар йили бу ерга мамлакатимиз ва қўшни давлатлардан 25 мингдан ортиқ киши келиб, шифобахш булоқ сувидан бахра олади.

Тоғларга туташ қишлоқда “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг 160 ўринли санаторийси, 220 ўринли учта замонавий меҳмонхона, 12 та оилавий меҳмон уйи, ошхона, савдо дўконлари, мўъжазгина бозор сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Сўлим гўшада сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш учун сервис ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш чоралари белгилаб олинган.
Вилоят ҳокимлиги яна бир хайрли ишга қўл уриб, туманда соҳани янги босқичда юксалтириш учун Тузбозор, Даштиғоз, Бибиширин, Инкобод, Темир дарвоза, Мустақиллик ва Сайроб маҳаллаларида туризм хизматлари ва инфратузилмасини янада ривожлантиришнинг “йўл харитаси” ни ишлаб чиқди. Бу ҳудудларда сайёҳларга сервис ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ҳам берилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги “Узундара” археология ёдгорлигини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Сайроб маҳалласида Юнон-Бақтрия тарихи музейи ташкил этилмоқда.

Узундара ёдгорлиги қадимги Бақтрия ва Суғдиёна давлатлари чегарисида қад ростлаган истеҳком. Тадқиқотлар чоғида бу ердан кўплаб ноёб асори-атиқалар топилмоқда. Янги музейдан ана шу топилмалар ўрин олади. Мутасаддиларнинг фикрича, олис ўтмишдан сўзлайдиган бу маънавият маскани ҳам маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг Бойсун тарихи билан яқиндан танишишида муҳим ўрин тутади.
Жорий йилда сўлим ва бетакрор тоғлар қўйнида ўтказилган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида Бойсунга “Туризм тумани” мақоми берилди. Туризм ва маданий мерос вазирлигининг туманга бу мақомни беришида ҳам чуқур маъно бор. Чунки, ҳудудга келаётган туристлар борки, улар яна Бойсунга қайта келишга талпинади. Тоза ҳавосидан баҳраманд бўлиб, гўзал манзараларини мириқиб томоша қилишни, бой тарихи, миллий ҳунармандчилик буюмлари ва қадимий санъати билан яқиндан танишишни истайди.

–Бойсун бизда жуда бой таассурот ўйғотди, –деган эди “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига келган буюк британиялик Ева Скалла. – Олис ўтмишга бориб тақаладиган тарихига, миллий қадрият ва анъаналарига, одамларнинг меҳмондўстлиги, гўзал манзаралари-ю, нафис санъатига мафтун бўлдик. Бу юртга яна қайта келиб, саёҳат қилишни кўнглимизга тугиб олдик.

Дунёнинг турли давлатларидан келаётган туристларнинг серфайз гўша ҳақидаги самимий дил сўзлари ҳам осмонўпар тоғлар қучоғида ястаниб ётган Бойсуннинг сайёҳлик маконига айланаётганига яққол далилдир.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА