“Бойсун баҳори”га қандай ҳозирлик кўрилди?
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги вилоят туризм ҳамда ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари билан ҳамкорликда “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали олдидан матбуот анжумани ташкил этди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари, фестивални ўтказиш вилоят ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Жўрабек Тўраев, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Заҳириддин Тўраев халқаро фестивалнинг миллий ва умумбашарий қадриятларни тиклаш ҳамда ёш авлод қалбига сингдиришдаги ўрни, уни юксак савияда ўтказиш, маҳаллий ва жаҳон ОАВларида ёритиш юзасидан кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидландики, дунё фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати ижрочиларини, соҳа мутахассислари ва мухлисларини Бойсун туманида жамлайдиган халқаро фестивални 1-7 май кунлари ўтказиш режалаштирилган.
Шу кунгача халқаро фестивалда қатнашиш учун сайёрамиздаги 40 дан ортиқ давлатдан 150 га яқин делегация аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиш истагини билдирди. Фестивалнинг халқаро танловини юксак савияда ташкил этиш ва ижрочилар маҳоратини очиқ-ошкора баҳолаш учун Буюк Британия, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди. Жорий йилги фестиваль кўрик-танловида 16 та давлатнинг фольклор жамоалари ва яккахон ижрочилари ўз санъатларини намойиш этади.
[gallery-17178]
Халқаро кўрик-танловда биринчи ўрин соҳиби 3 минг 500, иккинчи ўрин 2 минг 500 ва учинчи ўринни эгаллаган жамоа ёки яккахон ижрочи 1 минг 500 доллар миқдоридаги совринни қўлга киритади. Миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати танлови ўнта номинация бўйича ташкил этилиб, ҳар бир йўналиш ғолиби 500 доллар пул мукофоти билан тақдирланади.
Халқаро фестиваль 1 май куни Термиз давлат университетида хорижлик ва маҳаллий олимлар, машҳур санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирокидаги “Сурхон воҳасининг инсоният цивилизациясидаги ўрни: моддий ва номоддий маданият асослари” мавзуига бағишланган халқаро конференция билан бошланади. Тантанали очилиш маросими 2 май куни Бойсун туманидаги муҳташам амфитеатрда бўлиб ўтади. 3 май куни танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш, 7 май куни халқаро фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Фестиваль кунлари турли халқ ўйинлари, кураш, улоқ-кўпкари, дрон шоулар, қизиқарли концерт дастурлари намойиш этилади. Маҳаллий ва хорижлик туристлар учун қизиқарли саёҳатлар уюштирилади. Маҳаллий ва хорижлик журналистлар учун матбуот анжумани ва пресс-турлар ташкил этилади.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири