“Бойсун баҳори” – миллий мерос ва халқаро маданият чорраҳасида
Ўзбекистон бой тарихий ва маданий мероси билан дунё ҳамжамиятида алоҳида ўрин тутади. Айниқса, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва уларни глобал миқёсда тарғиб этишда фольклор фестиваллари муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ҳар йили ўтказиладиган “Бойсун баҳори” нафақат маданий байрам, балки Ўзбекистоннинг бой номоддий меросини намойиш этувчи йирик тадбир ҳисобланади.
Жорий йилнинг 1–7 май кунлари Бойсун тумани яна дунё фольклор санъати вакилларини ўз бағрига чорламоқда. Фестивалда 40 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд фольклор жамоаларининг иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса тадбирнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Фестиваль дастури ранг-баранг тадбирларга бой. Унда миллий спорт ва халқ ўйинлари жумладан, кураш, кўпкари, от спорти мусобақалари ташкил этилади. Шу билан бирга, ҳунармандчилик кўргазмалари орқали қадимий касб-ҳунар намуналари кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Бу эса нафақат томошабинлар учун қизиқарли, балки миллий қадриятларни ёш авлодга етказишда ҳам муҳим воситадир.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан фестивални юқори савияда ташкил этиш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу жараён меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш ва тадбирни халқаро стандартлар асосида ўтказишни ўз ичига олади.

Бойсун маданий муҳити ЮНЕСКО томонидан 2001 йилда “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” дурдонаси сифатида эътироф этилган. Кейинчалик, 2008 йилда “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу эса ҳудуднинг ноёб маданий аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

“Бойсун баҳори” фестивали Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва тарғиб этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу тадбир орқали миллий анъаналар халқаро миқёсда танитилиб, маданиятлараро мулоқот ривожига ҳисса қўшади. Энг муҳими, фестиваль Ўзбекистонни жаҳон маданий харитасида янада мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Келгусида бундай тадбирларнинг кўпайиши мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ошириб, уни глобал сайёҳлар учун янада жозибадор манзилга айлантиради.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА