Миллий ўзлигимиз, нафис санъатимиз, бой қадриятларимиз кенг намойиш этилаётган дўстлик, гўзаллик ва санъат байрамида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан сайёҳлар, фольклоршунослар, санъат ва маданият вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, бой таассуротларга эга бўлмоқда.
Бой номоддий маданий меросга эга мамлакатимизда миллий анъана ва ноёб урф-одатларимизни янада чуқур ўрганиб, ёш авлод қалбига сингдиришга, ёшларни теран илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида улғайтириш, нафис фольклор санъатимиз ва миллий халқ ўйинларимиз, ўтмишдаги бой тарихимизга барчани ягона улуғ мақсад йўлида бирлаштирадиган миллий қадрият сифатида қараётганимиз катта қизиқиш уйғотаётир.


Жанубдаги қадимий вилоятнинг бой ўтмиши ва бугунини ўзида мужассам этган кўргазмалар, Термиз шаҳри, туманлар, ташкилот, корхона ва таълим муассасалари қўрғонлари, айниқса, хорижлик меҳмонларга ўзгача завқу шавқ улашиб, сўлим Бойсун туманининг гўзал табиат қўйни ва тарихий обидаларига уюштирилаётган саёҳатлар ҳайратини оширмоқда.
Кеча фестиваль доирасида туризм мажмуасида миллий ҳунармандчилик, миллий таомлар кўргазмалари, ҳаво шарлари намойиши ўтказилди. Воҳанинг туман ва шаҳар қўрғонларида фольклор жамоалари намойиш этган мусиқий дастурлар, миллий кураш мусобақаси, мафтункор табиат қўйни ва бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳат, халқаро кўрик-танлов қатнашчиларини тақдирлаш маросими, эстрадамиз юлдузлари ва фольклор-этнографик жамоаларнинг гала-концерти фестивалга ўзгача шукуҳ улашди.


—Фестиваль ана у Паданг кенгликларида ўтказилганида келганман,--дейди Буюк Британиялик созанда Фариборз Кианнежад. —Очиғи бундай манзарани учратмагандим. Ҳайратдаман. Икки йилда шунча ўзгариш. Ақлга сиғмайдиган ҳодиса. Мўъжиза юз бергандек, гўё. Мен жуда хурсандман. Айниқса, саҳнада ажойиб созандалар билан куй ижро этиш мен учун яхшигина тажриба бўлди. Бу кетишда “Бойсун баҳори”нинг қамрови ортиб бораверади. Дунёга янада машҳур бўлади. Фестиваль ҳам, ундаги чиқишлар, намойишлар, куй-қўшиқ ва рақслар ҳам ноёб. Жаҳонда бундай фестиваллар жуда кам ва битта тилагим мана шу қадриятлар тараннум этилаётган халқаро фестиваль жуда узоқ яшасин.


—Бойсун баҳори” менга жуда ёқди, - дейди япониялик Натцуми Шида. —Миллий ҳунармандлик, бир-биридан мазали турли таомлар, одамларнинг меҳмондўст ва меҳрибонлигидан завқландим. Табиат жуда гўзал. Тарихий ёдгорликлар ҳам таассуротларимни янада бойитди.
Халқаро фестиваль бугун миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, туман ва шаҳар фольклор жамоаларининг ўз қўрғонларида мусиқий дастурлари, миллий кураш мусобақалари ва бошқа маданий тадбирлар билан давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири